Тўловни кечиктирилиши бу уни келажакда тўланмайди дегани эмас

Тўловни кечиктирилиши бу уни келажакда тўланмайди дегани эмас

Ўзбекистон тумани маъмурий маркази Яйпан шаҳрида яшовчи Н.И. фойдаланилаётган табиий газ таъминоти учун тўловларда юзага келаётган муаммодан норози бўлиб Федерация мутахассисларига мурожаат қилган.

Истеъмолчининг маълум қилишича, хонадоннинг табиий газ истеъмоли кўрсаткичлари замонавий АСКУГ электрон газ ҳисоблагичи орқали назорат қилиб борилади. Истеъмолчи тўловларни ана шу ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида тўлаб боришга интилади. Лекин жорий йилнинг феврал ойида 100 минг сўм олдиндан тўлов амалга оширган бўлсада, ҳеч қанча вақт ўтмай тармоқдан автоматик тарзда узиб қўйилган ва эртаси куни балансда 27 минг сўм миқдорда маблағ қолганлиги тўғрисида СМС хабарнома келган. Шундан сўнг у ушбу ҳолатга аниқлик киритиб берилишида ёрдам сўраб Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Маълумки, замонавий газ ҳисоблагичлар истеъмолчида олдиндан тўлов бўлган тақдирдагина тармоқдан хонадонга газ ўтказиб, олдиндан тўлов суммаси тугаши билан хонадонни тармоқдан автоматик тарзда узади. Лекин жорий йилнинг январ ойида маамлакатимиз ҳудудида кузатилган аномал совуқлар туфайли аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида бундай турдаги газ ҳисолагичлар ўрнатилган хонадонларни, ҳисобида олдиндан тўлов суммаси бўлиши ёки бўлмаслигига қарамасдан, автоматик тарзда тармоқдан узмасдан, табиий газ етказиб бериб турилди. Бу ҳақда мобил алоқа ва интернет тармоқлари орқали аҳолига хабарномалар ҳам берилди.

Мурожаат эгаси эса табиий газни бундай шартларда етказиб берилаётганлиги тўғрисидаги хабарларни ўз вақтида кузатиб бормаганлиги ортидан, юқоридаги тушунмовчилик келиб чиққан. Ўрганиш ишлари ҳам хонадонга ҳисобланган истеъмол кўрсаткичларини тўғрилигини, охирги амалга оширилган тўловдан ечиб олинган сумма эса аномал совуқлар ортидан тўловни кечиктирилишидан ҳосил бўлган сумма эканлиги, хонадонга нисбатан асоссиз қарздорликлар ҳисобланмаганлигини кўрсатди. Табиий газ истеъмолчисига бу ҳақда тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шу ўринда истеъмолчилардан давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларининг расмий каналлари ва саҳифалари орқали мавжуд мобил алоқа ва интернет тармоқлари воситасида тарқатилаётган хабарларни кузатиб бориш, хабарнинг мазмуни ва хабар матнидаги талаб, таклиф, сўров, имтиёз ёки енгилликнинг моҳиятига эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.

Исомиддин Аббасов
Ўзбекистон туман жамияти мутахассиси

Post Comment