Олинган кредитни муддатидан олдин сўндирган истеъмолчига фойдаланилмаган суғурта мукофоти пулларини олишида ёрдам кўрсатилди

Олинган кредитни муддатидан олдин сўндирган истеъмолчига фойдаланилмаган суғурта мукофоти пулларини олишида ёрдам кўрсатилди

Тошлоқ туман Қамчифуруш маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи С. А.нинг тижорат банкидан олинган кредитни муддатидан олдин ёпганлиги сабабли суғурта компанияси томонидан унга қайтарилиши лозим бўлган суммани олишида муаммоларга дуч келаётганлиги масаласидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи ўз мурожаатида “Қишлоқ қурилиш банк” Марғилон филиалидан тўрт йил муддатга олган кредитига гаров таъминоти сифатида ўзига тегишли бўлган “Нексия-3” русумли автомобилни тақдим қилганлиги, тартиб-қоидаларга кўра, автомобил суғурта қилинганлиги, суғурта шартномасида агар кредит муддатидан олдин сўндириладиган бўлса, суғурта компанияси томонидан унга муайян миқдордаги пул суммаси қайтарилиши лозимлиги, лекин кредитни муддатидан олдин сўндириб, суғурта компанияси масъулларига бу борада қилган мурожаати ижобий ечим томпаётганлигини маълум қилиб, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Мурожаат Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан суғурта компанияси масъуллари ҳамкорлигида ўрганилиши жараёнида ҳақиқатда “Кафолат суғурта компанияси” АЖ ва истеъмолчи ўртасида “Гаровга қўйилаётган автотранспорт воситаларини суғурта қилиш” шартномаси тузилганлиги ва истеъмолчининг фойдаланилмаган суғурта мукофотини қайтарилиши бўйича талаблари тўғрилиги исботини топди. Ўрганиш якунлари билан истеъмолчи банк пластик картасига 300 минг сўм миқдорида фойдаланилмай қолган суғурта мукофоти суммасини ўтказиб берилишига эришилди.

Шоҳистахон Раҳимова
Тошлоқ туман жамияти мутахассиси

Post Comment