Истеъмолчининг қонуний талаблари ижроси таъминланди

Истеъмолчининг қонуний талаблари ижроси таъминланди

Марғилон шаҳар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Қўштепа тумани “Овулбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А. Т. нинг нуқсонли мобил қурилмани сотувчига қайтаргани, лекин сотувчи томонидан пулини қайтариб бериш пайсалга солиб келинаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчининг сўзларига кўра, у шаҳардаги “Ойгул” савдо мажмуасидан 1 300 000 сўмга уяли телефон аппарати харид қилади, лекин ундан фойдаланиш жараёнида носозликлар юзага келавергач, савдо мажмуасига қайтариб олиб келиб уни сотувчига қайтариб беради. Нуқсонли деб эътироз билдирилган товарни қайтариб олган сотувчи истеъмолчига пулини эртасига қайтаришга ваъда беради. Бироқ ваъда ваъдалигича қолиб, пулни қайтариш пайсалга солиб келинади. Шундан сўнг истеъмолчи бу борада амалий кўрсатилишини ёрдам сўраб шаҳар жамиятига мурожаат қилади.

Мурожаатни тегишли тартибда ўрганиш ишлари давомида савдо мажмуасида телефон аппаратлари савдосини амалга ошириб келаётган сотувчи билан учрашилиб, унга амалдаги қонунчиликка кўра истеъмолчининг ҳуқуқлари ва сотувчининг бу борадаги мажбуриятлари тушунтирилди. Шунингдек, унга реализация қилаётган товарлари бўйича олдинроқ ҳам истеъмолчилардан эътирозли мурожаатлар бўлганлиги, шаҳар жамияти аралашуви билан ушбу масалалар ҳал қилиб берилганлиги эслатиб ўтилиб, амалдаги қонунчилик талабларини назар писанд қилмасликнинг салбий оқибатлари бўйича ҳам огоҳлантиришлар бериб ўтилди. Ўрганилаётган мурожаат бўйича эса, истеъмолчининг 1 300 000 сўм пули унга қайтарилиб, унинг қонуний талаблари ижроси таъминланди.

Муҳаммадазиз Исақов,
шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment