Сифатсиз ўрнатилган эшик ва ромларнинг пули қайтарилди

Сифатсиз ўрнатилган эшик ва ромларнинг пули қайтарилди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг А.Қодирий кўчасида яшовчи И.Г.нинг буюртма қилинган эшик ва ромларнинг сифатсиз ўрнатилганлиги ҳолати юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.

Муржаат муаллифига кўра, у июл ойининг бошларида яшаш хонадонига ўрнатиш учун “Қурилиш моллари бозори” ҳудудидаги савдо дўконидан 1 дона эшик ва ромни 1 250 000 сўмга буюртма қилади. Буюртмани хонадонга ўрнатиш учун ташриф буюрган усталар ишларини тугаллаб кетишгач, хонадон эгалари ишлар сифатсиз бажарилганлигини, эшик ва ромларнинг бир-бирига бирлашадиган жойлари орасида қийшиқликлар, бўшлиқлар борлигини пайқайдилар. Ҳолат ҳақида зудлик билан буюртмага масъул бўлган дўкон раҳбарига мурожаат қилишади. У истеъмолчи эътирозини тўғри қабул қилиб, тез муддатларда камчиликларни бартараф қилишга ваъда берган бўлсада, ишлар пайсалга солиб келинади.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса, ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Мурожаатни ўрганиш доирасида истеъмолчи ижрочи томонидан бажарилган ишдаги камчиликларни бартараф қилиниши пайсалга солиб келинганидан келиб чиқиб, шартнома бекор қилиб, товар учун тўланган пулини қайтарилишини сўради. Шу асосларда ижрочи томонига истеъмолчининг қонуний талаби етказилиб, унга 1 250 000 сўм пулини тўлиқ қайтарилишига эришилди.

Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment