Мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик ёки кечиктириш истеъмолчини чиқимдор бўлишига олиб келган
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро Ҳ.А.нинг пластик картасига келиб тушган пенсия пулидан олдинроқ харид қилинган маиший товарнинг муддатли тўлови учун асоссиз равишда маблағ ечиб олинганлиги тўғрисидаги Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали йўллаган ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушган мурожаати масаланинг ҳудудий тегишлилиги бўйича ўрганилди.
Ушбу масала фуқаро Ҳ.А. номига истеъмол кредити расмийлаштирилган Халқ банкининг Қувасой филиали масъуллари билан биргаликда ўрганилганда, фуқарога расмийлаштирилган кредит шартномасига асосан маиший техника сотиб олиш мақсадида 36 ой муддатга, йиллик 36 фоиз устама тўлаш шарти билан 3 320 000 сўм кредит маблағлари ажратилганлиги маълум бўлди. Истеъмолчи шартнома шартларига асосан жами бўлиб 5 544 400 сўм тўлаши ва кредитни ёпиши керак бўлгани ҳолда, ундан 6 249 740 сўм тўлов олинган. Сабаби истеъмолчи тўловларни кредитни қайтариш графиги асосида ўз вақтида тўлаб бормаганлиги сабабли Фуқаролик кодексининг 260 ва 261-моддаларига асосан 705 370 сўм миқдорида жарима (пеня)лар кўринишидаги неустойкалар юзага келган.
Ўрганиш ишлари якунларига кўра, фуқародан охирги тўлов суммасини олинишида амалдаги қонунчилик талаблари бузилмаганлиги, тўланган сумма фуқаронинг шартнома бўйича мажбуриятларини ўз вақтида адо этиб бормаганлиги оқибатида келиб чиққанлиги қайд қилиниб, унга бу борада ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчиларга ўзлари имзо чекиб тасдиқлаётган шартномалардаги ҳуқуқларини яхши англаб олишлари қаторида, юклатилган мажбуриятлар бўйича бандларига ҳам диққат билан эътибор қаратишга чақириб қоламиз.
Шаҳло Касимова,
ЎИҲҲҚЖФ Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси мутахассиси.
Post Comment