Нуқсонли автомагнитола бошқа маркадагисига алмаштирилди
Бешариқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Қият Сартол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Н.А.нинг шахсий автомашинасида фойдаланиш учун харид қилган автомагнитоласи ишламай қолганлиги, сотувчи томонидан унинг қонуний талабларини қаноатлантирмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида баён қилишича, туманда фаолият олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор С.Э.га қарашли дўкондан 1 400 000 сўмга “Dominant” русумли автомагнитола харид қилади. Лекин ундан фойдаланиши жараёнида автомагнитолада нуқсон кузатилиб, ишламай қолади. Савдо дўкони раҳбарига бу борада қилган мурожаати самара бермагач, ўзининг қонуний ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилади.
Мурожаат савдо дўкони раҳбари иштирокида ўрганилиши жараёнида томонларга амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтиришлар берилди. Ўрганиш ишлари якунлари билан эса, истеъмолчининг розилиги асосида, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 13-моддасидаги ҳуқуқларидан келиб чиққан ҳолда, қонуннинг 14 ва 17-моддалари тартибида, нуқсонли товар бошқа маркадаги худди шундай, мақбул сифатдаги товарга алмаштирилиб, истеъмолчининг ҳуқуқлари тиклаб берилишига эришилди.
Хамиджон Ахмедов,
туман жамияти раиси.
Post Comment