Истеъмолчини 3 ой давомида қийнаб келган муаммо бартараф қилинди
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М. Тухватуллинанинг тумандаги савдо марказидан харид қилган музлаткич сифатсиз чиққанлиги юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича. истеъмолчи жорий йилнинг 14 июлида “Имкон” савдо марказидан тегишли шартнома асосида умумий қиймати 10 279 000 сўм бўлган SAMSUNG УЗБ РТ35К5440С8 русумли музлаткични товар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилади. Шартномага кўра у ҳар ойда 1 190 700 сўмдан тўлаб бориши белгиланган ва унинг қўлига тўловлар графиги чиқариб берилган. Савдо амалга оширилган кунни ўзида истеъмолчи нақд шаклда 1 200 000 сўм миқдоридаги биринчи тўловни ҳам амалга оширган.
Лекин музлатгичдан фойдаланиши жараёнида унда нуқсон мавжудлигини аниқлаб, бу борада савдо марказига ўз эътирозлари билан мурожаат қилади. Дўкон ходимлари ушбу мурожаат асосида Фарғона шаҳридаги сервис марказига хабар берганларидан сўнг, сервис марказидан истеъмолчи хонадонига ташриф буюрган усталар музлатгичнинг совутиш қисмида ҳақиқатда ҳам нуқсон борлигини аниқлайдилар. Тез орада ушбу камчиликни бартараф этиб берилиши айтилсада, ишлар пайсалга солиб келинади.
Туман жамияти ходимлари истеъмолчи мурожаати асосида сервис марказига мутахассислари билан боғланганларида керакли эҳтиёт қисми йўқлиги сабабли музлатгичдаги нуқсонларни бартараф этиб бериш ишлари чўзилиб кетганлигини маълум қилдилар. Ўрганиш ишлари давомида истеъмолчи ва сотувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳамда истеъмолчининг розилиги асосида нуқсонли товарни сотувчига қайтариш, истеъмолчи томонидан шу кунга қадар тўланган 4 800 000 сўм пулни унинг шу савдо марказидан харид қилган бошқа товарлари тўлови учун йўналтирилишига келишилди. Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш ишларидан қониқиш ҳосил қилганлигини ва сотувчига нисбатан бошқа эътирозлари йўқлигини маълум қилди.
Шавкатжон Саидов,
туман жамияти бош мутахассиси.
Post Comment