Товарда кафолат муддатида аниқланган нуқсон ишлаб чиқарувчи томонидан ўн кун ичида бепул бартараф этилиши лозим
Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Р.А.нинг харид қилинган кир ювиш машинасига сервис хизмати кўрсатилмаётганлиги масаласида Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи маълум қилишича, у “Вита” русумли ярим автомат кир ювиш машинасини бундан бир ярим йил аввал тумандаги “Ишонч” кредит савдо дўконидан 1 500 000 сўмга харид қилган. Харид вақтида унга кир ювиш машинасининг кафолат муддати 3 йиллиги айтилган. Орадан маълум вақт ўтиб унда нуқсон кузатилгач, сотувчининг тушунтириши билан, ушбу масалада “Vitech” сервис марказига мурожаат қилганида товар нуқсонларини бепул бартараф этиб бериш ишлари пайсалга солинган. Шундан сўнг у Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни ишлаб чиқарувчи истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан ўн кун ичида бепул бартараф этиши лозим. Акс ҳолда, нуқсонларни бартараф этишнинг шартномадан келиб чиқадиган муддатларидан ортиқ кечиктирилган ҳар бир кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида истеъмолчига неустойка (пеня) тўлаш мажбурияти юзага келади. Туман жамияти ходимлари мурожаатни ўрганиш давомида сервис маркази масъулларига юқоридаги ҳолатлар юзасидан тушунтиришлар берганларидан сўнг, истеъмолчининг кир ювиш машинасида юзага келган нуқсон тез муддатларда бартараф этилиб, унга соз ҳолатда топширилди.
Феруза Умурзақова,
туман жамияти мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment