Оммавий шартнома шартларидан бехабарлик аҳоли вакилларида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда

Оммавий шартнома шартларидан бехабарлик аҳоли вакилларида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда

– Мен ушбу корхона билан шартнома тузмаганман, оммавий шартнома тузилганидан хабарим йўқ, корхона томонидан хизмат кўрсатмаган ойлари учун асоссиз қарздорлик ҳисоблаган, – дейди Учкўприк тумани “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро колл-марказ ходими билан суҳбат жараёнида.

Истеъмолчи ва колл-марказ ходими ўртасидаги суҳбат Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонида қайд қилинган бўлиб, унинг натижалари бўйича мурожаат тегишли равишда расмийлаштирилган ҳамда ҳудудий тегишлилиги бўйича Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилган. Ўрганиш натижалари, истеъмолчидан тўланиши даъво қилинган 105 000 сўм сумманинг 75 000 сўми ҳақиқатдаги қарздорлик эканлигини, 30 000 сўми эса истеъмолчи томонидан тўланган сумманинг абонент шахсий ҳисоб рақамига ўз вақтида келиб тушмаганлиги оқибатида келиб чиққанлигини кўрсатди.

Шу ўринда, аҳолига мазкур хизмат турини кўрсатаётган корхона ҳамда шартноманинг иккинчи томони сифатида, фуқаролар номидан уни акцептлаётган маҳалла фуқаролар йиғини амалдаги тартиб-қоидалар бўйича қандай ишларни амалга ошириши керак, шунга тўхталиб ўтсак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.05.2018 йилдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3730-сон қарорига мувофиқ, жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари оммавий шартномалар асосида кўрсатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 06.02.2019 йилдаги 95-сонли қарори билан тасдқиланган “Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидалари”га кўра эса, корхонанинг бир қатор мажбуриятлари, жумладан, ўзига бириктирилган ҳудуд бўйича оммавий шартномани оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиши, ҳудудда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан белгиланган тартибда келишилган жадвалга мувофиқ, қаттиқ маиший чиқиндиларнинг мунтазам олиб чиқиб кетилишини амалга ошириши, зарур сифатдаги хизматлар кўрсатиши, хизматлар кўрсатишнинг амалдаги тартиби, талаблари, қоидалари ва хизматлар кўрсатиш тартибининг, шунингдек, тарифларининг ўзгарганлиги тўғрисида бепул маълум қилиши, ташкилотнинг стендида, эълонлар тахтасида кўрсатилаётган хизматлар, уларнинг амалдаги тарифлари, тўлов шартлари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний шахсларга хизматлар кўрсатиш учун оммавий шартномани жойлаштириши ва бошқа бир қатор мажбуриятлари белгиланган.

Шунинг билан биргаликда, маҳалла фуқаролар йиғинлари ўз навбатида оммавий шартнома нусхасини ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалини маҳалла идорасининг аҳоли таниши учун қулай жойига жойлаштириши ҳам бу борадаги турли тушунмовчиликларни олдини олган бўлар эди.

Сардор Мирзажонов,
туман жамияти раиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin