Сотувчи истеъмолчини етарли даражада тўлиқ бўлган маълумот билан таъминламагани оқибатида судда ютқазди
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда “истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади”, деган норма мавжуд бўлиб, назаримизда, ушбу норма биринчи навбатда сотувчи (ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи)ларни аҳолига турли товар (иш, хизматлар)ни реализация қилишда ҳушёрликка чорлаши лозимдир. Сабабини эса қуйида келтирилган ҳаётий мисолдан билиб олишингиз мумкин.
Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судида Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти (даъвогар) томонидан истеъмолчи К.И. (манфаатдор шахс)нинг манфаатини кўзлаб жавобгар (Yevro story Fergana MChJ) томон билан шартномани бекор қилиш ҳамда ундан етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси кўриб чиқилди. Ишни кўриб чиқиш якунларига кўра, суд даъвогарнинг манфаатдор шахс ва жавобгар ўртасида 05.07.20233 йил кунида имзоланган 07320705-сонли шартномани бекор қилиш, жавобгардан манфаатдор шахсга етказилган 3 100 000 моддий ҳамда 340 000 сўм маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги талабларини қондириш бўйича ҳал қилув қарори чиқарди. Хўш, аслида истеъмолчи манфаатини кўзлаб судга даъво аризасига киритилишига нима сабаб бўлди?
Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи К.И. тумандаги савдо дўконидан 05.07.2023 йил кунидаги шартномага асосан, нархи 9 288 000 сўм бўлган Shivaki XD360 FVN русумли совутгични, нархини 12 ойда бўлиб тўлаш шарти билан, олдиндан 3 100 000 сўм тўловни амалга оширган ҳолда, харид қилади. Лекин 2023 йилнинг сентябр ойларига келиб совутгичнинг музлатиш ҳолати сусайиб бориши ортидан бу ҳақда сотувчи ва сервис марказига хабар бергач, истеъмолчи хонадонига ташриф буюрган сервис маркази усталари унда ҳеч қандай дефект аниқланмаганлигини, совутгич қўлланмасига кўра у турадиган хона температураси +16 градусдан +38 градусгача бўлиши лозимлиги бўйича тушунтириш берганларидан сўнг ҳам совутгичнинг ишлашида ўзгариш бўлмаганидан сўнг сотувчига ушбу товарни алмаштириш талабини қўяди. Бироқ унинг ушбу важлари инобатга олинмайди.
Амалдаги қонуннинг 6-моддасига кўра, сотувчи томонидан реализация қилинаётган товар ҳақида истеъмолчига ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот берилиши лозим, акс ҳолда қонуннинг 7-моддасида кўрсатиб ўтилган истеъмолчига нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши оқибатида келиб чиқувчи ҳолатлар юзага келади. Ишни кўриш жараёнида жавобгар томони товарни ишлатиш бўйича истеъмолчига маълумот берилган деб важ келтирган бўлсада, бу ҳолатни исботлай олмади. Бу эса судга, мақоланинг кириш қисмида эслатиб ўтганимиздек, сотиб олинган товарнинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас, деган тахминни илгари суриш ва уни қувватлашга асос бўла олади. Натижа эса, юқорида келтириб ўтганимиздек, даъвогар талабини қаноатлантирилиши билан якун топди.
Шоҳиста Раҳимова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment