Судда яна бир даъво аризаси қаноатлантирилди
Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро М.О.нинг манфаатини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманларо судига киритилган даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгардан фуқаро фойдасига 6 005 000 сўм моддий ва 1 000 000 сўм маънавий зарар ундирилиши бўйича ҳал қилув қарори чиқарилди.
Истеъмолчи М.О. “AXIOM PLAN” МЧЖга қарашли савдо дўконидан нархи 6 161 607 сўм бўлган Педалли Электроскутер Red Motor 20/3 маҳсулотини 1 йил давомида бўлиб тўлаш шартларида 10 050 000 сўмга келишиб, ойига 1 005 000 сўмдан тўлаб бориш шартида шартнома имзолаган. Олди-сотди жараёнида электроскутерга 6 ойлик кафолат муддати белгиланган. Лекин истеъмолчи уч ярим ой давомида ундан фойдаланишини жараёнида аккумулятор қисми қизиб, қувват олмай қўйган. Бу борада сотувчига мурожаат қилганида улар сервис марказига боришни маслаҳат беришган. Сервис марказидагилар эса аккумулятор қисмига кафолат берилмаслиги ва уни ўз ҳисобидан таъмирлаши кераклигини маълум қилганлар.
Иш судда кўрилиши жараёнида жавобгар томонининг электроскутернинг аккумуляторига кафолат бермаганликлари, истеъмолчи томонидан электроскутер аккумуляторини нотўғри ишлатилгани, бу ҳақда сервис маркази хулосаси мавжудлиги ҳақида келтирган важлари, даъвогар томонининг кафолат муддати мобайнида товарнинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминланиши шартлиги, сотувчи аккумуляторга кафолат бермаганлиги ҳолати шартномада акс эттирилмаганлиги каби важлар атрофлича кўриб чиқилди. Амалдаги қонунчиликка кўра товарда кафолат муддатида юзага келган нуқсонлар бепул бартараф этилиши лозимлиги, бу талаб сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан бажарилмаганда истеъмолчида шартномани бекор қилиш ва етказилган зиён ҳамда маънавий зарарни ундириш ҳуқуқи вужудга келиши ҳисобга олинди. Ишни кўриш якунларига кўра эса суд масалани истеъмолчи фойдасига ҳал қилиб, сотувчи ва истеъмолчи ўртасидаги шартномани бекор қилиш, истеъмолчига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.
Сардорбек Мирзажонов,
туман жамияти раиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment