Истеъмолчи маълумот олиш ҳуқуқига, сотувчи эса уни ўз вақтида тақдим қилиш мажбуриятига эгалигини унутмайлик
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси ўртасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини, ҳуқуқий ҳимояланиш даражасини ошириш, уларнинг савдо ва бошқа хизматлар соҳасидаги манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор тадбирлар ташкил этилаётган бўлсада, истеъмолчиларимиз оддий ҳолатларда ҳам ўз ҳуқуқ ва манфаатларини тўғри рўёбга чиқара олмаётганликлари кузатилмоқда. Демак, биз – соҳага дахлдор идора ва ташкилотлар бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришимиз керак.
Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати томонидан туман фуқароси М.Усмоновнинг савдо уйларидан биридан харид қилган, уйига етказилиб биринчи ишлатиш кунидаёқ ишламай қолган кир ювиш машинаси ва уни таъмирлатиш (ёки алмаштириш) бўйича бошидан ўтказган саргузаштлари тўғрисидаги ҳасратга тўла мурожаати кўриб чиқилди. Мурожаатда баён қилинишича, истеъмолчи савдо дўконидан бир эмас, иккита бир хил моделдаги кир ювиш машинасини харид қилган бўлсада, сотувчидан сотиб олиш жараёнида уни жойида ишлатиб кўрсатиш, тўлов тўланганлигини тасдиқловчи касса чекини сўраш, товарнинг кафолат муддати, товарда нуқсонлар аниқланиб қолса, унга қаерда ва қандай тартибда сервис хизматлари кўрсатилиши тўғрисида маълумотларни олишга ҳаттоки қизиқиб кўрмаган. Албатта, биз бу ўринда истеъмолчини айблашдан йироқмиз, сабаби қонунга кўра, сотувчи олди-сотди жараёнида истеъмолчига товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, олди-сотди амалга оширилгач эса касса ёки товар чекини истеъмолчига тақдим қилиши шарт эди.
Истеъмолчининг мурожаатини ўрганиш ишлари савдо дўкони ва сервис хизмати маркази мутахассислари иштирокида амалга оширилди. Мутахассисларнинг берган хулосасига кўра, кир ювиш машиналарининг сув чиқариб ташлаш (слив) механизмида носозлик бўлиб, нуқсонли товарни алмаштириш зарурати қайд этилди. Шунга кўра, ҳар бири 1 080 000 сўмдан бўлган 2 дона кир ювиш машинаси мақбул сифатдагисига алмаштириб берилди. Ўрганиш ишлари доирасида истеъмолчи ва сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни тегишли моддалари тарғиботи ўтказилди.
Улуғбек Жўраев
Бешариқ тумани ИҲҲҚЖ мутахассиси
Post Comment