Тарафларга берилган тушунтиришлар асосида шартнома бекор қилинди
Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Учолиш” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ш.С. нинг муддатли тўлов шартларида сотиб олинган телефон аппаратида нуқсон аниқланганлиги сабабли сотувчи билан тузилган олди-сотди шартномасини бекор қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди .
Мурожаатчига кўра, у шу йилнинг март ойи ўрталарида туманда жойлашган кредит савдо дўконидан шартнома нархи 2 552 225 сўм бўлган “Redmi 13-S” маркали қўл телефонини қийматини бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган. Лекин ундан беш кун давомида фойдаланиши чоғида телефонда нуқсон кузатилган. Шундан сўнг дўконга келиб нуқсонли товарни алмаштиришларини, акс ҳолда ўртадаги олди-сотди шартномасини бекор қилишларини сўраган. Савдо дўкони масъуллари товарни алмаштирилиши ёки шартнома бекор қилиниши сервис компаниясининг хулосаси асосида амалга оширилишини унга тушунтирганлар. Лекин истеъмолчи уларнинг ушбу таклифларига кўнмасдан нуқсонли товарни сотувчи қўлига топшириб, ушбу муаммони қонуний ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Мурожаат савдо дўкони масъуллари билан ўрганилиши жараёнида томонларга амалдаги қонунчилик талаблари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Хусусан, шартнома тарафларига амалдаги қонунчилик бўйича товарда кафолат муддати мобайнида аниқланган нуқсонларни бепул бартараф этиш, нуқсонли товарни алмаштириш юзасидан талаблар ҳамда шартномани бекор қилишга олиб келувчи ҳолатлар борасида берилган тушунтиришлар натижасида истеъмолчи ва сотувчи ўртасидаги келишув асосида олди-сотди шартномаси бекор қилинишига эришилди.
Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment