Тилла буюмлар алмаштириладими?
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка асосан харид қилинган товарда нуқсон аниқланиши, истеъмолчида уни алмаштириб олиш ҳуқуқини вужудга келтиради. Лекин истеъмолчида нафақат нуқсонли товарни, балки мақбул сифатдаги ноозиқ-овқат товарини алмаштириб олиш ҳуқуқи ҳам мавжуд. Унинг ушбу ҳуқуқи товар харид қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида амалда бўлади. Мақбул сифатдаги товарни алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилишга унинг ўлчами, шакли, фасони ёки рангидаги бирор истеъмол хусусиятининг мос келмаганлиги асос бўлиши мумкин. Айтайлик, харид қилинган мақбул сифатдаги туфлининг ўлчами Сизга бироз мос келмади.
Бироқ, шундай ноозиқ-овқат товарлари ҳам борки, мақбул сифатда бўлган бундай товарларни истеъмолчи алмаштириб оломайди. Бундай товарларнинг рўйхати “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасида келтирилиб, ушбу рўйхат “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати” деб номланади. Тилла буюмлар ҳам ана шу рўйхатга киритилган бўлиб, 9-банддан ўрин олган. Бундан келиб чиқадики, харидор бу каби товарларни сотиб олаётганида бирор истеъмол хусусияти мос келмаса алмаштириб олавераманда, деб хотиржамликка берилмаслик керак. Сотувчилар ҳам ўз навбатида истеъмолчини шундай хусусиятга бўлган товар харид қилаётганликлари ҳақида огоҳлантиришлари шарт. Акс ҳолда, келгусида юзага келиши мумкин бўлган низоларда истеъмолчи ўзига етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли зарар етказилганлигини даъво қилиши ва унинг ушбу талаблари, қонунчиликдаги, сотиб олинган товарнинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб кўриб чиқилиши ҳамда сотувчи ушбу ҳолатда ютқазиб қўйиши мумкин.
Қувасой шаҳрида яшовчи Б.С.нинг шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаати айнан ана шу нормалардан келиб чиққан ҳолда ижобий ечим топди. Истеъмолчи Фарғона шаҳридаги бозордан янги келини учун 2 800 000 сўмга тилла узук харид қилади, лекин олиб бориб кўрилганда узукнинг ўлчами келиннинг бармоғига мос келмайди. Сотувчи узукни ўлчами мос келадиганига алмаштириб берилиши масаласида истеъмолчининг ўзи мурожаат қилган вақтда рад жавобини берган бўлсада, Қувасой шаҳар жамияти мутахассислари аралашуви ва қонуннинг юқоридаги талаблари тушунтирилиши билан ушбу масалани истеъмолчи фойдасига ҳал қилинишига эришилди.
Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.
Post Comment