Болалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда эътиборсизлик кетмайди
Болалар учун озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда маҳсулот қадоғида келтирилган маълумотлар ичида унинг ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик (сақлаш) муддатлари ҳақидаги маълумотлар энг муҳим маълумотлардан бири саналади. Сабаби маҳсулот ким томонидан ва қачон ишлаб чиқарилган бўлишидан қатъи назар, уни яроқлилик (сақлаш) муддатлари ўтганидан сўнг истеъмол қилиш болаларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдириши мумкин.
Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Сўфилар” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи О.И.нинг бир ёшли фарзанди учун туман марказидаги дўконлардан биридан харид қилган болалар учун мўлжалланган сутли аралашма маҳсулотидан фарзанди истеъмол қилгач соғлиги ёмонлашганлиги ҳолати юзасидан Ички ишлар идорасининг 102 қисқа рақамига қилган мурожаати масаланинг тегишлилиги бўйича ўрганилди.
Маълум бўлишича, истеъмолчи дўкондан “Nuppi” болалар учун сутли аралашма маҳсулотини 58 000 сўмга харид қилган. Харид жараёнида маҳсулотнинг яроқлилик (сақлаш) муддати ўтганлиги истеъмолчининг ҳам, сотувчининг ҳам эътиборидан четда қолган. Бу эса маҳсулот истеъмолидан сўнг боланинг соғлиги ёмонлашиб, шифохонага жойлаштирилишига олиб келган. Истеъмолчи ушбу ҳолат бўйича сотувчига учрашганида унга қўпол муомалада бўлганликларини, ҳатто муддати ўтган маҳсулотни қайтиб олиб, пулини қайтариб бериш чораларини кўрилмаганлигини маълум қилади.
Туман жамияти мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида сотувчига амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтиришлар берилиб, истеъмолчидан муддати ўтган маҳсулотни қайтариб олиш, унинг учун тўланган пул суммасини ҳамда унга етказилган жами 500 000 сўм моддий зарарни қоплаб бериш, акс ҳолда масала судга чиқарилиб, етказилган моддий зарарга қўшиб маънавий зарар суммасини ундириш чоралари ҳам кўрилиши юзасидан талабнома киритилди. Бундан тўғри хулоса чиқарган сотувчи туман жамияти истеъмолчи номидан киритган талабни бажариб, истеъмолчига етказилган 500 000 сўм моддий зарарни қоплаб берди.
Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment