Автомашина вақтида етказиб берилмаган истеъмолчининг пули суд орқали қайтариб олинди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасида Данғара тумани “Найманча” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.Х.нинг шартнома асосида автомобил харид қилиш учун 91 980 100 сўм миқдорида одиндан тўловни амалга оширганлиги, лекин автомобил белгиланган муддатда етказиб берилмагач, шартномани бекор қилиб пулини қайтариб ололмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилиб, судга даъво аризаси киритилди.
Маълум бўлишича, истеъмолчи А.Х. 2023 йилнинг 31 июл кунида “UMID AVTO COMPANIES” МЧЖ билан 08/07/Р-08-сонли шартнома имзолаб, CHANGAN PICAP автомобили хариди учун 91 981 100 сўм олдиндан тўловни амалга оширган. Шартноманинг 1.1-бандига асосан автомобил 120 иш куни мобайнида етказиб берилиши белгиланган бўлсада, ушбу муддат ўтганидан сўнг ҳам етказиб бериш ишлари пайсалга солинаётганлигини кўрган истеъмолчи 2024 йилнинг 5-май кунида компанияга шартномани белгиланган тартибда бекор қилиш ва тўланган пул маблағини қайтариш бўйича ариза билан мурожаат қилган. Шартнома бекор қилиниб, маблағ қайтарилиши лозим бўлган муддатлар ҳам ўтгач, ушбу масалани қонуний ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг вилоятдаги идорасига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Киритилган даъво аризаси Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида видеоконференцалоқа платформаси воситасида кўриб чиқилиб, суд даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантиришни лозим деб топди ва жавобгардан унинг фойдасига шартнома бўйича тўлаган 91 981 000 сўм аванс тўлови ҳамда 85 000 сўм видеоконференцалоқа ҳаражати, жами 92 066 000 сўм ундирилиши тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.
Фахриддин Бойназаров,
ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи.
Post Comment