Иш бажариш (хизмат кўрсатиш) муддатларини шартномада кўрсатилганидан кечиктириш салбий оқибатларга олиб келади
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Мотуридий кўчасида истиқомат қилувчи Д.И.нинг усталар томонидан мебелни таъмирлаб бериш ишлари пайсалга солиб келинаётганлиги, масалани кўриб чиқилиб ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилинган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, юмшоқ мебел 30 кун ичида таъмирлаб берилишига келишилган бўлсада, орадан 2 ою 10 кун ўтса ҳамки буюртма берилмаган. Камига истеъмолчидан 1 300 000 сўм миқдорида қўшимча тўлов ҳам олинган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли бўлиб, иш бажаришни бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, истеъмолчида ижрочидан ҳар бир кечиктирилган кун учун буюртма қийматини бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) ундириб олиш ҳуқуқи вужудга келади.
Мурожаатни ўрганилиши жараёнида мебелсоз усталар билан қонунчиликнинг юқоридаги талаблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилгач, масалани истеъмолчи фойдасига ҳал қилиниб, унга 1 300 000 сўм пулини қайтарилишига эришилди.
Саидхон Хапизов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment