Ўлчами мос келмаган гилам алмаштирилди

Ўлчами мос келмаган гилам алмаштирилди

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Навоий кўчасида яшовчи Т.М.нинг 3 800 000 сўмга буюртма қилинган гиламнинг хона ўлчамига мос тушмагани ва уни сотувчи бошқасига алмаштириб бермаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.

“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасига кўра, метрлаб (қирқиб) сотиладиган бир қатор товарлар, жумладан тўқимачилик товарлари, кабель маҳсулотлари, қурилиш ва пардозлаш материаллари (уларнинг ичида гилам қопламалари) қайтариб олинмайдиган ва алмаштирилмайдиган товарлар рўйхатига киритилган бўлиб, уларни қандайдир истеъмол хоссаси (ранги, шакли, фасони, ўлчами) мос келмагани сабаби билан сотувчига қайтариш ёки алмаштириб олишнинг имкони йўқ.

Мурожаатда келтирилган гилам масаласига келганда эса шунга эътибор қаратилиши керакки, агар товар гилам қопламаси, яъни метрлаб (қирқиб) сотиладиган товар сифатида реализация қилинаётган бўлса, юқоридаги Қоидалар талабларига кўра алмаштирилмайдиган товарлар турига мансуб деб ҳисобланади, агар алоҳида яхлит шаклда, яъни аниқ ўлчамлар асосида тайёр ҳолда реализация қилинаётган бўлса, уни қандайдир истеъмол хоссаси мос келмагани сабаби билан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 18-моддаси тартибида, ноозиқ-овқат товарини сотиб олган ердаги сотувчидан 10 кун ичида алмаштириб олиш мумкин. Шу ўринда, бу ерда гап нуқсонли товарлар ҳақида эмас, балки мақбул сифатда бўлган товарлар ҳақида кетаётганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, мурожаатни ўрганиш доирасида сотувчига қонунчиликнинг мазкур талаблари бўйича берилган тушунтиришлар ва музокаралар натижаси билан истеъмолчининг хонадонига ўлчами мос тушмаган гиламни бошқа мос ўлчамдагисига алмаштириб берилишига эришилди.

Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.

Post Comment