Тўловларни амалга оширишда ҳушёрликни йўқотманг

Тўловларни амалга оширишда ҳушёрликни йўқотманг

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Исфайрамсой” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Ж.И.нинг ичимлик суви учун амалга оширган тўловлари корхона компьютер базасига тушмаганлиги ҳолати юзасидан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Фуқаро мурожаатида истеъмол қилинган ичимлик суви учун 200 000 сўм тўловни 2024 йил бошида корхонанинг Қ. исмли (ҳозирда собиқ) ходимига тўлаганлигини, лекин кейинчалик ушбу сумма корхона компьютер базасига қайд қилинмаганини билганини, муаммони ўз кучи билан бартараф қила олмаётганлигини маълум қилиб, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.

Шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мазкур ҳолат юзасидан “Фарғона сув таъминоти” АЖ Қувасой шаҳар филиалига сўров хати киритилди. Сўров хатига олинган жавобдан маълум бўлишича, фуқаро томонидан амалга оширилган 200 000 сўм тўлов суммаси корхонада ишлаб кетган собиқ ходим томонидан қопланиб, унинг шахсий ҳисоб рақамига киритилганлиги маълум қилинган.

Шу ўринда, истеъмолчилардан келгусида шу каби муаммо ва тушунмовчиликларга дуч келмаслик учун коммунал хизматлар учун тўловларни ана шу мақсадлар учун ташкил қилинган банк, почта-алоқа ва бошқа махсус кассалар орқали, шунингдек тўловларни онлайн амалга ошириш имконини берувчи дастурлар орқали тўлашни тавсия қилиб қоламиз.

Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.

Post Comment