Ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик муносабатларини йўлга қўйишга келишиб олинди

Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти масъул ходимлари тумандаги 37-давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари иштирокида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик тарғиботига бағишланган тадбир ўтказдилар.

Тадбирда иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни мазмун-моҳияти юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди. Шунинг билан биргаликда, мамлакатимизда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати фаолияти тўғрисида, хусусан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий органлари фаолияти юзасидан ҳам ахборотлар бериб ўтилиб, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Тадбир якунларига кўра, мактабгача таълим ташкилоти ва туман жамияти ўртасида ишчи ходимларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш, уларнинг истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик муносабатларини йўлга қўйилишига келишиб олинди.

Дилобар Дадахонова
Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси