Истеъмолчига маънавий зарар ҳам тўланади
Ҳудудий бирлашма томонидан Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро С.Бахромовнинг манфаатларини кўзлаб, Қиргули электр таъминоти корхонаси томонидан ҳисобланган қарздорликни ғайриқонуний деб топиш ва маънавий зарарни ундириш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Иш судда кўриб чиқилиб, истеъмолчи ҳуқуқлари устиворлиги таъминланди. Хўш, аслида нима бўлган эди?
С.Бахромовга қарашли Фарғона шаҳар Фаробий кўчасидаги уй-жой Ҳукумат қарорлари асосида бузилишга тушганлиги сабабли, унга Фарғона шаҳар ҳокимининг 06.04.2018 йилдаги 420-сонли қарори асосида Қиргули даҳасида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бири хусусий мулк сифатида расмийлаштириб берилади. Фуқаро томонидан хонадонга кўчиб кириб яшаш даврида коммунал тўловлар тўлаб борилади. Лекин 2019 йилнинг февраль ойларига келиб, яъни орадан салкам бир йил ўтгач хонадоннинг фойдаланилган электр энергиясидан катта миқдорда қарздорлиги мавжудлиги юзасидан МИБ ходимлари томонидан огоҳлантириш хати олишади. Юзага келган муаммони ўз кучлари билан ҳал эта олмаган хонадон вакиллари амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб ҳудудий бирлашмага мурожаат қиладилар.
Ҳудудий бирлашма мутахассислари томонидан мурожаатни ўрганиш давомида, хонадон вакиллари бу ерга кўчиб келган пайтларидан бошлаб фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни амалга ошириб борган бўлсаларда, улардан мазкур тўловлар бўйича 671500 (олти юз етмиш беш минг беш юз) сўм қарздорликни бартараф қилиш сўралаётганлиги қайд қилинди. Маълум бўлишича, мазкур хонадонда улар кўчиб келгунга, яъни 2018 йилнинг 29 мартига қадар Г.Громова (марҳума) яшаб келган, қарздорликни ҳосил бўлиши эса марҳуманинг шу хонадонда яшаган даврларига тўғри келади.
Эътиборлиси, Фарғона шаҳар ҳокимлигининг хўжалик ҳисобидаги уй-жой бўлими 10.05.2018 йилда барча хизмат кўрсатувчи, шу жумладан Қиргули электр таъминоти корхонасига хонадонлари бузилишга тушган фуқароларга шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат уй-жой фондига қарашли бўлган хонадонларни беминнат мулк сифатида расмийлаштириб берилганлигини инобатга олиб, хонадонларнинг коммунал тўловлардан қарздорликлари бўлса, ушбу қарздорликларни кўчиб кирган фуқаролардан эмас, балки мазкур хонадонларни ажратиб берилгунга қадар яшаб келган фуқаролардан ундириш лозимлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилганлигига қарамасдан, электр таъминоти корхонаси мазкур низоли ҳолат учун қарздорлик ҳисоблаб, МИБ томонидан ушбу қарздорликни ундириш бўйича ҳаракатлар олиб борилишига сабабчи бўлганлигидир.
Ишни судда кўриб чиқилиши натижаларига кўра, суд электр энергияси тўловларидан 2018 йилнинг апрель ойигача бўлган даврда юзага келган 671500 сўм қарздорликни истеъмолчи С.Бахромов номига ҳисобланишини ғайриқонуний деб топиш ва жавобгардан унинг фойдасига 405460 сўм (тўрт юз беш минг тўрт юз олтмиш) сўм маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Фахриддин Бойназаров
ЎИҲҲҚЖФ Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи
Post Comment