«Истеъмолчи бурчаги»дан ким кўпроқ манфаатдор?

«Истеъмолчи бурчаги»дан ким кўпроқ манфаатдор?

Сотувчи (ижрочи) истеъмолчига товарлар савдоси, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатишнинг қоидалари тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шарт.

(“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 5-моддасидан)

Мамлакатимизда 1996 йил 26 апрелдан амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни истеъмолчи ва сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб келмоқда. Қонуннинг 9-моддасида олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланади, деб белгилаб қўйилган бўлиб, шу асосларда Ҳукуматимизнинг бир қатор қарорлари ҳам қабул қилинган. Шулардан бири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” ва “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари”дир.

“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 12-бандида мазкур Қоидалардан тегишли кўчирмалар сотувчи томонидан кўргазмали ва қулай шаклда харидорлар эътиборига етказилади, деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, Қоидаларда харидорлар эътиборига етказилиши лозим бўлган бир қатор зарурий маълумот (ҳужжат)лар ҳам келтириб ўтилганки, уларни қаерга ва қандай жойлаштирилса мақсадга мувофиқ бўлади, деган савол туғилиши ҳам табиий. Бу ерда бизга “Истеъмолчи бурчаги” сифатида кўпчилигимизга таниш бўлган маълумотлар ойнаси ёрдамга келади. Албатта, қонун ҳужжатлари билан “Истеъмолчи бурчаги” қандай шаклда бўлиши керак, унда нималар ўз аксини топиши лозим ва бошқа шу каби аниқ-тиниқ кўрсатмалар берилмаган бўлсада, қонунлар ва қонуности ҳужжатлари талаблари, бу борада тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, “Истеъмолчи бурчаги” қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Шунингдек, мақсадимиз масаланинг бундан ким кўпроқ манфаатдорлигини, истеъмолчими ёки мулкдорми, деган томонларини ҳам очиб беришга интилишдан иборат. Шу ўринда, мақола матнининг айрим жойларида шахсий мулоҳазаларга асосланувчи, баҳсли фикрлар ҳам келтирилаётганлигини инкор этмаймиз. Шунинг билан биргаликда, бугун биз ушбу мақола билан истеъмолчига эмас, кўпроқ сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи)га мурожаат қилишни ният қилдик. Зеро, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) сиймосидаги мулкдорнинг фаолиятини эмин-эркин, қонун-қоидалар талаблари асосида олиб боришидан барчамиз манфаатдормиз.

Авваламбор, “Истеъмолчи бурчаги” истеъмолчилар танишиши учун қулай жойга ўрнатилган бўлиши керак. Савдо дўконида ўрнатилган ушбу маълумот ойнаси савдо растасининг ортида, харидор етиб бора олмайдиган жойга ўрнатилган бўлса, айтинг бундан нима мантиқ ва нима маъно? Шунингдек, маълумотлар ойнасига ўта майда, оддий кўз билан ўқиб бўлмайдиган ёзувлар қўйилган бўлса, бундан кимга ва нима наф? Демак, унинг ўрнатилган жойига ҳар бир истеъмолчи (харидор, мижоз) эркин ўтиб бора олиши ва бемалол таниша олиши керак.

“Истеъмолчилар бурчаги”да нималар жойлаштирилиши мақсадга мувофиқ? Авваламбор, ўзингизни таништиришдан бошлашни унутманг. Агар фаолиятингиз лицензияланиши шарт бўлган фаолият турига киритилган бўлса, лицензиянгиз нусхаси қўйинг. “Таклиф ва шикоятлар дафтари”, ёнғин вақтида эвакуация режаси ва хавфсизлик қоидалари, хизматлар прейскуранти, истеъмолчилар лозим бўлган ҳолларда қайси идораларга шикоятлар билан мурожаат қилишлари мумкинлиги тўғрисидаги маълумотлар (тегишли идораларнинг телефонлари), агар мазкур корхона хизматларидан фойдаланишда кимлардир имтиёзга эга бўлса, бу ҳақдаги маълумотлар, қўйингки истеъмолчи бурчагига шуларни ихчам, содда ва қулай тарзда жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, маълумотлар ойнасида қонун ҳужжатларидан Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни (қуйида айрим ўринларда “Қонун” деб юритилади), қонуности ҳужжатларидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”ни (қуйида айрим ўринларда “Қоидалар” деб юритилади) ҳам бўлиши ҳамма учун манфаатли.

Албатта хизмат кўрсатиш турли хилда бўлганлиги сабабли, истеъмолчи бурчагини маълумотлар билан тўлдириш ҳам бир-биридан фарқ қилиши табиий. Айтайлик савдо дўкони ва сартарошхона ўзларининг “Истеъмолчи бурчаги”га бир-биридан фарқ қиладиган маълумотларни жойлаштирадилар.

Ўзингизга қарашли корхона, ташкилотда “Истеъмолчи бурчаги”нинг бўлиши Сизнинг мижозларга яхши муносабатингизни, эътиборли эканингизни, харидор (мижоз)ни қадрлашингизни, шунингдек Сизнинг шаффоф ишлашингизни, мижозлардан яширадиган нарсангиз йўқлигини ҳам билдиради. Мижоз (харидор)лар эса буни албатта илғаб оладилар.

Шунингдек, бурчакдаги маълумотларни янгилаб туришни ҳам унутмаслик керак. Сабаби ҳозирги кенг қамровли ислоҳотлар даврида қонунлар ва қонуности ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ва ҳаттоки айрим қонунларимизни тўлиқ янги таҳрирда қабул қилинаётганлигини ҳам назардан қочирманг. Балки киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар Сизга янаям кўпроқ эркинлик берган бўлиши ёки аксинча қўшимча мажбуриятлар юклаб, масъулиятингизни янаям оширган бўлиши мумкин. Бундан эса, ўз-ўзидан, биринчи навбатда Сиз манфаатдорроқсиз.

Шу ерда битта мисол келтириб ўтайлик. Сиз мебель маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўкондорсиз. Қонуннинг 18-моддасига кўра, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. Алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади, деб кўрсатиб ўтилган. Демак, харидор ноозиқ-овқат товар унга берилган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида, агар бундан узоқроқ муддат сотувчи томонидан эълон қилинмаган бўлса, сотиб олинган товарни айнан шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, рангдаги ёки комплектациядаги бошқа товарга харид қилинган жойда ва сотувчи томонидан эълон қилинган бошқа жойларда нархида тафовут бўлган тақдирда сотувчи билан зарур ҳисоб-китоб қилган ҳолда алмаштиришга ҳақлидир (Қоидаларнинг 27-банди). Айтайлик, мен туфли сотиб олдим. Уйга келгач менга туфлининг қайсидир истеъмол хоссаси (айтайлик ранги) ёқмай қолди. Гарчи туфли барча талабларга жавоб берсада, яъни менга лойиқ, сифатли бўлсада, мен уни 10 кун ичида алмаштириб олиш ҳуқуқига эгаман. Бироқ истеъмолчининг бу ҳуқуқини барча товарлар учун ҳам татбиқ қилиб бўлмайди. Бу ерда Сиз – мебель сотувчи учун муҳим бўлган нарса қонуннинг иккинчи қисмидаги алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати деган тушунчалардир. Сабаби “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасига кўра мебель маҳсулотлари “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати”га киритилган. Бундан келиб чиқадики, харидор зарур сифатдаги мебель маҳсулотини, қайсидир истеъмол хоссалари ёқмаганлиги боисидан (айтайлик, мебелнинг ранги қуда томонга маъқул келмаганлиги сабабидан) унга берилган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида товарни айнан шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, рангдаги ёки комплектациядаги шундай товарга ёки бошқа товарга алмаштириб ололмайди. Албатта, агар Сиз шартнома тузиш пайтида шундай ҳолатларда ҳам алмаштириб беришни ваъда қилган бўлсангиз бу истисно сифатида қаралади ва Сиз алмаштириб беришингизга тўғри келади, ёки мебелда нуқсонлар бўлса, бу ерда истеъмолчининг нуқсонли товарни алмаштириб олиш бўйича қонуний ҳуқуқи вужудга келади.

Яна бир ҳолат Қонуннинг 15-моддасида келтириб ўтилганидек, узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчининг талабига биноан нуқсонли товар қайтариб берилганидан кейин уч кун ичида унга айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилади (сотувчининг ҳисобидан унинг ўзи ёки вакили элтиб беради). Қонун талабидан келиб чиқилса, Сиз томонингиздан истеъмолчига сотилган диванда нуқсонлар аниқланиб, уни таъмирлатиб бериш учун 5 кун вақтингиз кетса, истеъмолчига уйда фойдаланиб туриши учун худди шундай диван бериб туришингиз, уни ўзингиз элтиб ҳам беришингиз керак эди. Лекин Қоидаларнинг 2-иловасида “Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки худди шундай марка (модел, артикул)даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхати” тасдиқланган бўлиб, мебель маҳсулотлари мазкур рўйхатга киритилгандир.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, дўконингизда эътибор билан ташкилланган “Истеъмолчи бурчаги” бўлишидан ва унда Қоидаларнинг 1 ва 2-иловаларини аниқ-тиниқ қилиб жойлаштирилишидан биринчи навбатда Сиз манфаатдорроқсиз.

“Истеъмолчи бурчаги” – муаммоли ҳолатларда Сизга ёрдамчи. Айтайлик, истеъмолчи қонуннинг мана шу моддасида бундай дейилган, “Бу ерда мен ҳақман, сиз эса ноҳақсиз”, деб туриб олди. Шунда маълумотлар ойнасига жойлаштирилган Қонун Сизга ёрдамга келади. Қонун китобини қўлга олиб, ўша моддани истеъмолчи билан биргаликда кўздан кечирдингиз, қарангки ушбу ҳолатда Сиз ҳақ экансиз. Истеъмолчи ҳам қонун бўйича ушбу ҳолатда ноҳақлигини кўргач, бироз ҳовуридан тушар, мен қонундан ҳам устунман деб туриб олмас, ахир.

Мазкур бурчакка жойлаштирилган “Таклиф ва шикоятлар дафтари” мулкдор мулкининг ҳимоячиси. Нега дерсиз? Қанчалик уринманг, қўл остингизда ишловчи барча ходимларни тўлиқ назорат қила олмайсиз. Шундоқ ҳам Сизнинг бундан ташқари ҳам қиладиган ишларингиз тиқилиб ётипти. Лекин сотувчилар харидорларга қўпол муносабатда бўлиши, уларни алдаши, охир-оқибат билиб-билмаган ҳолда харидорларни Сизнинг дўконингиздан бездириши ҳам мумкин. Лекин “Таклиф ва шикоятлар дафтари”ни юритишга эътибор қаратсангиз, унга истеъмолчилар томонидан ёзилган танбеҳлардан тўғри хулоса чиқариб борсангиз, айбдорларга чоралар кўриб борсангизчи? Бу билан бир қанча кўнгилсизликларнинг олди олинадими ё йўқми?

Яна бир гап. Истеъмолчи (харидор, мижоз) қайсидир идораларга мурожаат қилиб, Сизга ортиқча бошоғриқларини юзага келтирганидан кўра, шу жойнинг мулкдори, хўжайини – Сизга мурожаат қилгани, муаммони Сиз ҳал қилганингиз яхши эмасми? Бу эса Сизнинг имижингизни янада ошириб, харидорларни Сизга нисбатан янада ишончи ортишига ва уларни кўпайтиришга ҳам ҳисса қўшади. Битта мижоз ўнлаб янги мижозларни етаклаб келишидан умидвормисиз, унда шу битта мижоз юзлаб мижозларингизни олиб кетиб қолиши мумкинлигини ҳам унутманг.

Истеъмолчи арзимаган битта товарни алмаштириб берилмаётганлигидан шикоят қилиб юқори идораларга мурожаат қилса, қайсидир бир назорат қилувчи идорада эса Сизни ёқтирмайдиган, тирноқ остидан кир қидириб юрган одам ўтирган бўлсачи? Ундан кўра истеъмолчи тарафида туринг, вазиятни ўз қўлингизга олиб, ўз назоратингиз остида ушланг. Сиз ҳал қилинг!

Ҳурматли мулкдор, корхонангизга ташриф буюриб, бирор ҳолат юзасидан шикоятини билдирган ва охир-оқибат ўзининг ҳақлигини исботлай олмай (майли ўша ҳолатда у ноҳақ бўлган бўлсаям) ютқазган мижоз (харидор) устидан устун келганингизни ғалаба сифатида нишонладингизми? Демак, сиз банкротлик томон дадил қадамлар билан бормоқдасиз. Мижоз (харидор) сизнинг корхонангизни ёмон таассуротлар билан тарк этгач, эртага эшигингиздан яна кулиб кириб келмаслиги аниқ. Чунки атрофда Сизнинг дўконингиз каби, балки Сизникиданда афзалроқ бўлган дўконлар юзлаб топилади. Буни рақобат деб қўйибдилар. Бугун Давлат ва Ҳукумат Сизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганлиги, фаолиятингизни ривожлантиришингиз учун ҳар қандай шароитларни яратиб беришга интилаётганлиги сир эмас. Чунки Сиз қўшимча иш ўринлари яратиб, одамларни иш билан таъминлаяпсиз, қўлингизда ишловчи одамларнинг уйларидаги қора қозони қайнаб турибди, солиқлар тўлаб давлатимиз бюджетининг даромад қисмини тўлдираяпсиз. Бироқ Сизга жарақ-жарақ пуллар қаердан келаяпти, даромадингизни манбаи ким? Албатта, истеъмолчилар. Шу сабабдан бўлса керак, дунёда, биринчи навбатда ривожланган мамлакатларда “Истеъмолчи (мижоз) ҳамиша ҳақ” деган сермаъно тамойил бежизга амалиётга киритилмаган.

Ғайрат Маматқулов

ЎИҲҲҚЖФ Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси раис ўринбосари

Post Comment