Бир фуқарога иккита абонент рақами
Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Қатағон қишлоғида яшовчи истеъмолчи А.Тоштемировнинг манфаатини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилинди.
Суд ишни кўриб чиқиб адолатли ҳукм чиқарди:
“<..> даъво аризаси қаноатлантирилсин.
<..> А.Тоштемиров абонент номига Р.Бекмирзаев деб ўзгартириш киритиш (коррректировка қилиш)га оид ҳаракатлар қонунга хилоф деб топилсин.
<..> 1 477 184 сўм 37 тийин қарздорликни корхона ПК-учет дастури ҳисобдан чиқариш мажбурияти юклатилсин <..>”
Хўш, аслида нима бўлган эди?
2017 йилнинг октябрь ойи бошларида истеъмолчи А.Тоштемиров (судда даъвогар томон)нинг хонадонидаги мавжуд эски электр ҳисоблагич туман электр таъминоти корхонаси (судда жавобгар томон) масъул ходимлари томонидан янгисига алмаштирилади. Истеъмолчига эски ҳисоблагичдан қарздорлик йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома ҳам берилади. Шу пайтдан бошлаб истеъмолчи янги ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича тўловларни тўлаб келади. Лекин негадир, орадан икки йил ўтиб, жорий йилнинг куз ойларига келиб, ундан эски ҳисоблагичда қарздорлик қолиб кетганлиги, уни тўлаб қўйиши лозимлиги бўйича талаб қўйилади. Истеъмолчи бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Ишни судда кўриб чиқилиши жараёнида маълум бўлишича, истеъмолчида қарздорлик келиб чиқишига туман электр таъминоти корхонасининг собиқ ходимларидан бирининг совуққонлиги сабаб бўлган. Натижада тушунмовчилик келиб чиқишига ва ПК-учет дастурида истеъмолчида бир эмас, иккита абонент рақами юритилишига олиб келган. Истеъмолчининг янги, шу кунга қадар ишлатиб келаётган, ПК-учет дастуридаги 0….17 абонент рақамида қарздорлик мавжуд эмас. Эски 0….44 абонент рақами, негадир ҳақиқатда мавжуд бўлмаган шахс – Р.Бекмирзаев номига расмийлаштириб юборилган, оқибатда мазкур абонент рақамида 1 477 184 (бир миллион тўрт юз етмиш етти минг бир юз саксон тўрт) сўм қарздорлик юзага келган.
Ишни кўриб чиқиш жараёнида жавобгар томонидан қарздорлик аввалига А.Тоштемиров номига очилган ҳисоб-рақамда бўлгани, кейинчалик абонент исми шарифи ўзгартирилиб (корректировка қилиниб), Р.Бекмирзаев деб номлангани, ҳисоб-рақам ва хонадон ўзгармагани ҳолатлари маълум қилиниб, қарздорлик ҳақиқатда А.Тоштемировга тегишли эканлигини исботлашга ҳаракат қилинди.
Суд даъвогар ва жавобгар томонлар келтирган далилларин ўрганиб чиққач, даъво талабларини қаноатлантириб, туман электр таъминоти корхонасининг 2017 йил 3 октябрь куни А.Тоштемиров абонент номига Р.Бекмирзаев деб ўзгартириш киритиш (корректировка қилиш)га оид ҳаракатларини қонунга хилоф деб топди.
Истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, 1 477 184 сўм 37 тийин қарздорликни корхона ПК-учет дастури ҳисобдан чиқариш электр таъминоти корхонаси зиммасига юклатилди.
Наргизахон Шералиева
Учкўприк туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment