Истеъмолчи талаби қондирилди

Иш куни охирлаб ҳамкасблар билан бугунги бажарилган ишлар якуни,  эртанги кун бажарилиши лозим бўлган ишлар режаси ҳақида суҳбатлашиб ўтиргандик. Хонага икки нафар аёл кириб, тумандаги оилавий поликлиникалардан бирида ишлашларини, бир масалада ёрдамимиз кераклигини минг бир истиҳола билан айтишди.

Бемалол опа, тортинмасдан мурожаатингизни баён қилаверинг, биз сизларга ёрдам берадиган ташкилотмиз,дея опага далда бердик.

Маълум бўлишича, ўзини М. Юсувалиева деб таништирган аёл тумандаги кредит савдо дўконларининг биридан июнь ойида Samsung русумли қўл телефонини бир йил мобайнида тўлаб бориш шарти билан сотиб олган. Лекин ушбу қўл телефони носоз чиққанлиги боис у кредит савдо дўконига келиб, носоз қўл телефони ўрнига, шу маркадаги бошқа телефонга алмаштириб беришларини талаб қилган. Кредит дўкони масъуллари қўл телефонини текшириб, ҳақиқатан ҳам носоз эканлигини, бундай маркали телефон ҳозир савдо дўконида йўқлиги, агар 3-4 кун кутса янгиси келганда алмаштириб беришларини айтадилар. Бундай оғзаки шартга кўнган истеъмолчи орадан 5 кун ўтиб яна хабар олади. Лекин савдо дўкони масъуллари бундай маркали қўл телефони ҳозирда савдо дўконида йўқлигини айтишади. Бундан норози бўлган истеъмолчи Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Ушбу мурожаат юзасидан савдо дўкони масъулларига Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари тарғиботи ўтказилиб, сотувчи ва истеъмолчи ўртасидаги келишувга кўра Mi Note9 128 G русумли қўл телефонига алмаштириб берилишига эришилди.

Наргизахон  Шералиева

Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси