Сотиб олмаслик йўли билан ҳам қарши курашишингиз мумкин

Сотиб олмаслик йўли билан ҳам қарши курашишингиз мумкин

Кундалик турмуш жараёнида истеъмолчи сифатида товарлар олди-сотдиси билан боғлиқ муносабатларга киришар эканмиз, “айланма йўллар билан кириб келган товар”, деган гап ҳам қулоғимизга чалиниб қолади. Хўш, бир қарашда бинойидек кўринган, “кўпчилик сотиб олаяпти-ю, жин ҳам ургани йўқ” қабилидаги қарашларни ҳам келтириб чиқараётган бундай товарларни сотиб олишнинг қандай томонлари бор? Ушбу мақолани ёзиш жараёнида шу ҳақдаги шахсий мулоҳазаларимизни баён қилиб, сизлар билан фикр алмашишни ният қилдик. Бу борадаги мулоҳазаларни эса озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари мисолида алоҳида-алоҳида билдириб ўтамиз.

 Ҳар қандай давлатнинг ўз чегаралари, божхона қонунчилиги, четдан кириб келаётган товарларни мамлакат ҳудудига олиб кириш, уларни аҳолига реализация қилиш тартиб-қоидалари ва бошқа бир қатор қонун-қоидалар борки, ана шу қонун-қоидаларга амал қилмасдан, турли йўллар билан мамлакат ичкарисига олиб кирилган товарларни “айланма йўллар билан кириб келган товар”лар жумласига киритиш мумкин. Шу ўринда мамлакатимиз ҳудудига бундай товарларни кириб келишини олдини олиш бўйича соҳага масъул идоралар томонидан эътиборга молик ишлар амалга оширилаётганлигини, бундай товарлар фақатгина Ўзбекистон ҳудудигагина эмас, дунёнинг исталган мамлакатига олиб кирилаётганлигини ёки олиб киришга уринишлар бўлаётганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Шунинг билан биргаликда бозор иқтисодиётининг талаб таклифни келтириб чиқаради, деган тамойилини ҳам унутмаслик керак. Талабни эса аҳоли, яъни истеъмолчилар келтириб чиқармоқда. Агар истеъмолчи сотиб олмаганда, “сотувчи” уни турли йўллар билан олиб келишга интилмаган, бу йўлда маблағини, керак бўлса ҳаётини гаровга қўймаган бўларди.

Бундай товарларни аниқлаб олишнинг эса қийин томони йўқ. Кўп ҳолларда товарни кирим қилиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар мавжуд эмас, сертификати сўралганда эса сотувчилар елкасини қисишдан нарига ўтолмайди. Узоқ муддат фойдаланиладиган ҳамда кафолат муддати белгиланиши шарт бўлган товарларнинг йўриқномасига кўз ташласангиз, ундаги маълумотларнинг давлат тилида такрорланмаганлиги ҳам Сизни бироз сергаклантириши мумкин. Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунимизнинг 6-моддасига кўра эса, истеъмолчига товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот берилиши шарт. Хитой иероглифлари билан ёзилган ёки инглиз тилидаги матндан иборат йўриқноманинг мавжудлиги билан Сизга товар ҳақида тушунарли маълумот берилган, дея олмаймизку. Бундай ҳолатлар мазкур қонуннинг 7-моддасида келтириб ўтилганидек, зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар (иш, хизмат) сотиб олинишига, сотиб олинган товар (иш, хизмат)дан кўзланган мақсадда фойдалана олмасликка, истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғига ёхуд мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин.

Хўш. Айланма йўллар билан кириб келган озиқ-овқат товарларини харид қилиш билан истеъмолчи қандай таваккалчиликларни бўйнига олади? Биринчидан, товарни айланма йўллар билан олиб киришга уриниш бўлаяптими, демак мазкур товар ишлаб чиқарилган мамлакатининг ўзидаям қонундан ташқарида ёки ноқонуний йўллар билан ишлаб чиқарилган дейишимизга асос бор. Бундай товарлар қалбаки, фальсификат, контрафакт товарларга бўлинади. Қалбаки, фальсификат товар бу ҳақиқий товарни ўхшатишга интилиш бўлиб, унинг таркиби ҳақиқий товарникига нисбатан олинганда фарқ қилади. Бўрни сувда эритиб қўйган билан у оқ тусдаги суюқлик кўринишига келсада, инсон истеъмол қилишга одатланган сутга айланиб қолмайди.

Одатда қалбаки маҳсулот бегона ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилса, фальсификатга ишлаб чиқарувчининг ўзи ҳам қўл уриши мумкин. Маҳсулотга қўшилиши шарт бўлган ингридиентлардан иқтисод қилиш фальсификатни келтириб чиқаради.

Контрафакт товарнинг эса ҳақиқийсидан фарқи бўлмаслиги мумкин. Уни истеъмол қилиш жараёнида ҳеч қандай фарқ ҳам сезилмайди. Маҳсулотнинг идишидан тортиб, унинг қадоғидаги маълумотларгача бир хил. Контрафакт мисолида ишлаб чиқарувчининг муаллифлик ҳуқуқи бузилиши кузатилади. Ҳар уччала ҳолатда ҳам ҳалол ишлаб чиқарувчига, унинг имиджига катта зарар етказилади.

Интернетдан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда халқаро миқёсдаги умумий савдо ҳажмининг 7 фоизи ёки 1 000 000 000 000 (бир триллион) АҚШ долларига тенг миқдордаги маҳсулотларнинг қалбакилиги, дунёда истеъмол қилинаётган алкоголь маҳсулотларининг 30 фоизи (ҳар учтадан биттаси!) қўлболалиги, жами ишлаб чиқарилган дори-дармон маҳсулотларининг 10 фоизи сохта препаратлар эканлиги айтилмоқда. Мана шу фактларнинг ўзигина истеъмолчиларимизни ҳушёр торттириши керак эмасми?

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, айланма йўллар билан кириб келган озиқ-овқат маҳсулотини истеъмол қилиш инсоннинг ўзини-ўзи онгли равишда ҳар балоларга дучор қилиши билан тенг. “Арзонгина учраб қолди”, “Ҳамма истеъмол қилаяпти-ю”, “Шунга масъул бўлган идоралар назорат қилиши керакда” қабилидаги гаплар билан олиб кетаверишимиз, ўзимизга таскин беришимиз тўғрими? Ахир ушбу маҳсулотларни ўз истеъмолимиз учун олаяпмиз-ку.

Айланма йўллар билан кириб келган товар ноозиқ-овқат товари бўлсачи, бунда истеъмолчи қандай таваккалчиликларни бўйнига олган бўлади? Айланма йўллар билан кириб келган товарни сотиб олиш билан келгусида истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларимизни тўлақонли амалга ошира олмаслигимиз мумкин. Айтайлик, кир ювадиган машинанинг давлат тилидаги йўриқномаси йўқлиги учун, уни ўз билганимизча ишлатишга уриндик ва ишдан чиқариб қўйдик, бузилиб қолган телевизорни кўтариб сервис марказига борганимизда, мазкур товарнинг оригинал эмаслигини, шунинг учун бепул сервис хизмат кўрсатилмаслигини айтишди, дори-дармоннинг қалбакилиги натижасида, унинг соғлигимизга зиёни тегмаган бўлсаям, фойдасиям тегмаганлиги оқибатида, шифо топмай миллионлаб пулларимиз кўкка соврилди ва ҳоказо.

Хулоса шуки, харид қилаётган товаримиз озиқ-овқат товари бўладими ё ноозиқ-овқат товари бўладими, олди-сотди жараёнида мазкур товарнинг амалдаги қонун-қоидалар, нормалар, стандартлар асосида ишлаб чиқарилганлигига эътибор қаратишимиз, бунга эса сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиб чиқиш жараёнида ишонч ҳосил қилшимиз мумкинлигини унутмаслигимиз лозим. Шунинг билан биргаликда, харид қилинган товарда келгусида нуқсонлар кузатилса сотувчига ўз эътирозларимизни эмин-эркин билдира олишимиз учун, олди-сотди амалга оширилганлигини тасдиқловчи чек, квитанция ва бошқа шу каби ҳужжатларни ҳам сотувчидан олишни унутмаслигимиз керак.

Яна бир мулоҳаза. Арзонлигига учманг, дейиш билан, маҳсулотларни иложи борича қимматини олиш керак, арзон маҳсулотнинг сифати паст бўлади демоқчи эмасмиз. Сифатлисини олинг, демоқчимиз. Арзон ва сифатсиз маҳсулотни сотиб олиб, уни ишлатиб ишлатмасдан ташлаб юбориш, пешона тери эвазига топган маблағимизни уволига қолганимиз маъқулми ёки қимматроқ бўлсада, бизга йиллаб хизмат қиладиган, ҳаётимизга, соғлигимизга зиён етказмайдиган товарни сотиб олиб, барака топганимиз маъқулми. Танлов, албатта Сиздан.

Собиқ тузумнинг парчаланиши ва кўксимизга мустақиллик шабодаси тегиб, дунёда тенглар ичра-ичра тенг бўлиш жараёнида халқимиз дуч келган табиий қийинчиликлар, товарлар тақчиллиги каби ҳолатлар ортда қолди. Бугунги кунда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан кенг ассортиментдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарилаётганлиги, талабдан келиб чиққан ҳолда амалга оширилаётган импорт халқимизнинг барча турдаги маҳсулотларга бўлган талабини қондирмоқда. Оддий тил билан айтганда, дўконлар расталари товарлар билан тўлиб тошган. Бу эса истеъмолчиларимизга танлаш имкониятини ҳам яратиб бермоқда. Назаримизда, нарх рақобатига эмас, сифат рақобатига жиддийроқ эътибор қаратадиган давр келди. Ҳалол, пешона тери эвазига топган маблағингизни эса мамлакатимизга айланма йўллар билан кириб келаётган, келиб чиқиши номаълум, сифати паст маҳсулотларни сотиб олиб, ҳалол ишлаб чиқарувчиларга, давлат манфаатларига, қолаверса ўзингизга ҳам зиён етказаётган айрим кимсаларнинг ноқонуний бойишига ҳисса қўшиш учун сарфламаслигингизни сўраймиз. Бундай товарларга қарши кураш ишига Сизнинг қўшадиган энг биринчи ва энг катта ҳиссангиз бундай товарларни сотиб олмасликдир!

 

Ҳурматли истеъмолчи, унутманг! Амалдаги қонуннинг 8-моддасига кўра, Сиз сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эгасиз. Шунингдек, 12-моддасига кўра эса, сотиб олган товар (иш, хизмат)ингиз санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва ҳаётингиз, соғлиғингиз, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, Сизнинг мол-мулкингизга зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз.

Ғайрат Маматқулов

Post Comment