Совғада нуқсон бўлса …
Олтиариқ тумани Файзиобод МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро М.К туман марказида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор А.Б.дан 100 000 (юз минг) сўмга шим сотиб олган ва сотиб олинган товарни яқин кишиси учун совға тариқасида берган. Лекин орадан бир кун ҳам ўтмай қариндош, минг истиҳола билан, товарда нуқсонлари борлигини маълум қилган. Айтилган нуқсонларни ўз кўзи билан кўрган М.К дарҳол сотувчи ҳузурига келиб уни сифатлисига алмаштириб берилишини сўраган. Сотувчидан эса, «Ўзингиз кўриб, сотиб олгансиз, бизда сотилган товар қайтиб олинмайди», қабилидаги рад жавобини олгач, Федерациянинг ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Ушбу мурожаатни ўрганиш жараёнида туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан сотувчи билан суҳбат ўтказилди. Сотувчи, ҳақиқатдан ҳам, истеъмолчи томонидан шим сотиб олиб кетилганлигини, лекин бир кун ўтиб эмас, уч кундан сўнг қайтариб олиб келинганлигини ва сифати бўйича эътироз билдирилиб, алмаштириш бўйича талаб қўйилганлигини эътироф қилиб, алмаштириб бермаганлигини ҳам тан олди. Унга “Истеъмолчиларнинг хуқуқларини химоя қилиш тўғрисида”ги қонун бўйича нуқсонли товар сотиб олинганда истеъмолчининг ҳуқуқлари ва сотувчининг мажбуриятлари, нуқсонли товарни алмаштириб бериш муддатлари ва қонун талабларини бажармаслик келтириб чиқарувчи оқибатлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Тушунтиришдан тўғри хулоса чиқарган сотувчи нуқсонли товарни қайтариб олиб, мақбул сифатлисига алмаштириб берди.
Истеъмолчи мурожаатини ўрганиб чиқилиши бўйича тўлиқ қониқиш ҳосил қилганлигини билдириб, Федерация тизимида фаолият олиб бораётган барча ходимларга ўз миннатдорчилигини изхор қилди.
Одилжон Холматов
Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
(юқорида иллюстратив фото)
Post Comment