Истеъмолчига нуқсонли товар сотилган

Истеъмолчига нуқсонли товар сотилган

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ёзма равишда мурожаат қилган О.Юлдашева шаҳардаги савдо дўконларидан биридан 6 132 000 (олти миллион бир юз ўттиз икки минг) сўмга LG русумли музлатгич сотиб олганлигини, лекин музлатгични уйга олиб келиб ишлатиш жараёнида унда нуқсонлар борлиги маълум бўлганлиги, бу ҳақда сотувчига мурожаат қилганлигини, сотувчи турли баҳоналар билан нуқсонли музлатгични қайтариб олишни рад этиб келаётганлигини маълум қилиб, ўзининг қонуний ҳуқуқларини амалга оширишида амалий ёрдам сўрайди.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 13-моддасига кўра, истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:

товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;

товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;

товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;

харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;

шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.

Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти ходимлари томонидан сотувчига амалдаги қонун талаблари тушунтирилгач, сотувчи томонидан нуқсонли товар қайтариб олинишига, тўланган пул маблағини эса истеъмолчига қайтарилишига эришилди.

Мадаминжон Солижонов

Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

(юқорида иллюстратив расм)

Post Comment