Фарғонада “Central Asia – 2025” халқаро конференцияси старт олмоқда
Жорий йилнинг 15-17 май кунлари шаҳримизда “Central Asia – 2025″: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интерент ва ахборот-кутубхона ресурслари” XVIII халқаро конференцияси бўлиб ўтади.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят Ахборот-кутубхона марказлари ташкилотчилигида ўтадиган мазкур халқаро конференция олдидан матбуот анжумани ташкилланди.
Анжуманда таъкидланишича, 1999-йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу Халқаро конференция Марказий Осиё, МДҲ ва хорижий давлатлар кутубхоначилари, ЮНЕСКО, Кутубхона ассоциациялари ва муассасаларининг халқаро федерацияси (IFLA), Кутубхоналар учун электрон ахборот (EIFL), Евроосиё кутубхоналар Ассамблеяси (BAE) каби халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилган.
Конференциянинг расмий очилиш маросими ва ялпи мажлиси 15-май куни Фарғона давлат университетида, унинг шўъба йиғилишлари, семинар-тренинглар ва маҳорат дарслари 16-17-май кунлари Фарғона вилоят Ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтади.
Конференция ишида 11 та хорижий давлатлардан 28 нафар мутахассис ва экспертларнинг, шунингдек мамлакатимизнинг 400 нафардан ортиқ кутубхоначи мутахассислари, архивариус ва музей ходимлари, ахборот коммуникация бўйича мутахассисларнинг иштироки кутилмоқда.
Post Comment