Ҳудудий бирлашманинг якунига етказилган грант лойиҳаси бўйича брифинг ташкилланди

Ҳудудий бирлашманинг якунига етказилган грант лойиҳаси бўйича брифинг ташкилланди

Ҳудудий бирлашманинг медиа тадбирлар режасида ташкилланган бирфингда ҳудудий бирлашмага Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг “Ёшларнинг муаммоларини ҳал қилишга, ташаббуслари ва замонавий ғояларини илгари суришга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги “Ёшлар орасида ижтимоий тадбиркорликнинг асосларини кенг тарғиб этиш, ёшлар қатламининг молиявий саводхонлигини ошириш, молиявий хизматлардан фойдаланадиган ёш истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” номинацияси бўйича “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” номли лойиҳага ажратилган грант маблағи асосида амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича ахборотлар бериб ўтилди.

Таъкидландики, лойиҳа бўйича ишлар 2024 йилнинг июл ойида бошланиб, июл-август ойлари давомида бажариладиган ишлар кетма-кетлиги ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Фарғона вилоят бош бошқармаси билан лойиҳани тўлақонли амалга оширишни кўзда тутувчи Меморандум ва вилоятимиздаги 10 та олий ўқув юртларида ўтказиладиган семинар-тренинглар графиги, Фарғона вилоят телерадиокомпанияси билан лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишларни телевидениеда ёритиш борасида медиа-режа ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Ҳудудий бирлашма Кенгашининг 2024 йил июл ойида ўтказилган навбатдаги йиғилишида товар (иш, хизмат)ларни етказиб берувчи тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган тижорат таклифлари кўриб чиқилиб, йиғилиш қарори билан уларнинг ичидан ғолиб деб топилган хўжалик юритувчи субъектлар билан лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган товар (иш, хизмат)лар хариди бўйича шартномалар имзоланди.

Юқоридаги асосларда ҳудудий бирлашманинг 2017 йилдан буён ишлаб келаётган https://istemolchi-info.uz/ расмий веб-сайти модернизация қилиниб, замонавий талабларга, шунингдек сайтни компьютер, ноутбуклардан ҳамда мобил қурилмалар орқали кўриш бўйича талабларга мослаштирилди.

Фарғона давлат университетида “Молиявий саводхонлик кутубхонаси”ни ташкил қилиш мақсадида 120 номдаги 234 дона илмий, илмий-оммабоп ва бадиий китоблар харид қилиниб, университетнинг Иқтисодиёт факультети кутубхонасига ҳадя қилинди ва 2024 йилнинг 7 октябр кунида мазкур кутубхонани очилиш маросими ўтказилди.

“Молиявий саводхонлик давр талаби” номи остида А3 форматдаги плакат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 10 000 нусхада босмадан чиқарилди ва вилоятда фаолияб бораётган туман (шаҳар) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари кўмагида тарқатилди.

Ёшлар ўртасида “Мен молиявий саводхонман” номи остидаги қисқа видеороликлар яратиш бўйича бир босқичли кўрик-танловининг Низоми ишлаб чиқилди ва Фарғона телевидениеси ва радиосидан, шунингдек ҳудудий бирлашма ҳамда ҳамкорларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали эълонлари берилди. Танлов Низомида белгиланган муддат ичида иштирокчилардан 15 та материаллар келиб тушди. Ҳудудий бирлашманинг 2024 йил ноябр ойидаги навбатдаги Кенгаш йиғилишида 7 нафардан иборат, яъни танлов ташкилотчиси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси, журналист ва блогердан иборат таркибдаги Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан келиб тушган материалларни баҳолаш натижаларига кўра, ғолиб ва совриндорлар номи аниқланиб, 2024 йилнинг 17 декабр кунида Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да ўтказилган тақдирлаш маросимида 1-3 ўринларни эгаллаган ғолибларга пул мукофотлари, 1 нафар иштирокчига рағбатлантирувчи номинация ғолиби сифатида эсдалик совға ва ҳудудий бирлашма Фахрий ёрлиқлари, қолган иштирокчиларга эса эсдалик совға ва Ташаккурномалар топширилди.

Марказий банкнинг Фарғона вилоят бош бошқармаси билан тасдиқланган график асосида вилоят ҳудудидаги 10 та олий ўқув юртларида, жумладан, Фарғона политехника институти, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти, Фарғона давлат университети, Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали, Қўқон давлат педагогика институти, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Фарғона минтақавий филиали, Ўзбекистон давлат жисмония тарбия ва спорт институти Фарғона филиали, Латвия ахборот тизимлари менежменти олий мактаби Фарғаона филиали, Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти, Марказий Осиё тиббиёт университетларида “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” шиори остида семинар-тренинглар ўтказилди. Тадбирларда ҳар бир олий ўқув юртидан камида 50-60 нафардан ёшлар, жами 600 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этдилар. Тренинглар доирасида унда фаол иштирок этган ёшларни турли кўринишларда рағбатлантириб ҳам борилди.

Ҳудудий бирлашманинг “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” номли лойиҳаси бўйича ишлар 9 ой давомида амалга оширилиб, жорий йилнинг март ойи якуни билан ниҳоясига етказилди.

Post Comment