Брифинг || Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти томонидан олиб борилаётган ишлар

Брифинг || Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти томонидан олиб борилаётган ишлар

Фарғона шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ўз фаолиятини Федерация Устави, юқори турувчи ташкилотларнинг топшириқлари ҳамда шахар жамиятининг 2025 йил асосий фаолият йўналишлари режаси, шунингдек ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда имзоланган Меморандумлар, дастурлар ва чора-тадбирлар режалари асосида амалга ошириб келмоқда.

Фаолиятимизни самарали амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва соҳага оид бошқа қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатлари дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Асосий фаолият йўналишларимиздан бири истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш экан, бу биринчи навбатда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини, шунингдек соҳага оид қонунчилик асосларини аҳолининг кенг қатламлари онги шуурига етказишдан иборатдир. Ушбу мақсадларда ўтган 2024 йил ва жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 173 та ёзма ва оғзаки тарғибот шаклидаги тадбирларни ташкилладик. Бу эса аҳолининг кенг қатламларига истеъмол соҳасига оид ҳуқуқлари бузилганда ўз ҳуқуқларини мустақил, давлат ва суд идоралари ёрдамида, шунингдек истеъмолчилариннг жамоат бирлашмалари кўмагида ҳимоя қилиниши ҳақида зарурий билим ва кўникмаларни шаклланишига хизмат қилмоқда.

Фаолиятимиз давомида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ижросини таъминланишида, аҳоли (истеъмолчилар)нинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиниши йўлида мамлакатимизнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни билан ҳам яқиндан ишлашимизни тақозо қилади.
Ўтган 2024 йил ва жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида жамиятимизга истеъмолчилар томонидан 162 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 81 таси Федерация ишонч телефони ва телеграм боти орқали, 5 таси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари орқали келиб тушган бўлса, 76 та мурожаат тўғридан тўғри келиб тушган мурожаатлардан иборат бўлди.
Мурожаатларни ўрганиб чиқилиши натижалари билан истеъмолчилар фойдасига жами 346 088 455 сўм, шундан жорий йилнинг ўзида жами 64 916 000 сўм маблағлар истеъмолчилар фойдасига ҳал этиб берилди. Бундан ташқари судга 3 та даво аризаси киритиб, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқини тикланишига ва уларга етказилган 170 000 000 сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарарларни қоплаб берилишига ҳам эришилди.

Келиб тушган мурожаатларни таркибига қаралса, уларнинг 76 таси оғзаки ва ёзма, 86 таси электрон шаклда келиб тушганлиги, соҳалар кесимида кўрилганда, энг кўпи, яъни 36.5 фоизи савдо соҳасига тўғри келганлиги, 30 фоизи эса электр ва газ таъминоти масалаларига, 11 фоизи хизмат кўрсатиш (ва сервис) соҳасига, 6.3 фоизи сув таъминоти ҳамда чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари соҳаларига ва 16.2 фоизи бошқа сохаларга тўғри келганлиги маълум бўлади.

Юқоридагиларга яна шуни қўшимча қилиш мумкннки, жамият қошида ташкил этилган “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари орқали ҳам аҳоли вакилларимизга бепул ҳуқуқий маслаҳат ва ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, ўтган даврда ушбу маслаҳатхона орқали 65 нафар фуқароларга савдо, электр, газ, сув таъминоти, транспорт, алоқа (интернет), коммунал хўжалик ва бошқа соҳалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдамлар кўрсатилган.

Шунинг билан биргаликда, шахар жамияти томонидан федерация ҳамда ҳудудий бирлашма топшириқлари асосида, ички бозорда сотилаётган истеъмол товар (иш, хизмат)лари сифати ва хавфсизлигини амалдаги қонунчилик талабларига мос келиши юзасидан 2024 йилда 17 та, жорий йилнинг ўтган даврида эса 12 та жамоатчилик назорати тартибидаги кузатув (ўрганув)лар ҳам ўтказилиб, ўрганиш якунлари бўйича юқори турувчи идораларга тегишли маълумотномалар киритилди.

Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ҳудуд аҳолисининг истеъмолчилик соҳасига оид билимларини ва истеъмол маданиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назорати тадбирларини олиб бориш ишлари тизимли асосда давом эттирилмоқда. Хамкор ташкилотларни эса жамоатчилик назорати тадбирларида қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этишга таклиф этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, кўрсатилаётган иш, хизматлар “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талабларига мос келиши ва коррупцияга қарши муросасиз курашиш мақсадида, шаҳардаги барча фуқароларимизни истеъмол соҳасида ҳуқуқлари бузилган тақдирда жамиятимизга мурожаат қилишлари ҳамда савдо-сотиқ, коммунал соҳалар, хизмат кўрсатиш ва бошқа дахлдор соҳалардаги қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш масалалари бўйича ўз таклифларини ҳам беришларини мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin