Маиший техникадан фойдаланишда унинг йўриқномаси ёки қўлланмасига амал қилишни унутманг
Сотиб олинаётган маиший техникага кафолат муддати белгиланган дегани бу, товарга ишлаб чиқарувчи томонидан илова қилинган, ундан фойдаланишнинг йўриқнома ёки қўлланмасига амал қилмасдан, ҳоҳлаганича тарзда фойдаланилиши мумкин дегани эмас, албатта. Узоқ муддат фойдаланиладиган товардан йўриқнома ёки қўлланмаси талабларига амал қилмасдан фойдаланиш эса техникада турли нуқсонлар келиб чиқишига, мазкур нуқсонларнинг келиб чиқишига истеъмолчи айбдор деб топилишига, бу эса охир-оқибат истеъмолчига товарнинг кафолат муддати давомида берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан тўлақонли фойдалана олмай қолинишига олиб келиши мумкин.
Қўқон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан истеъмолчи С.А.нинг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаати ўрганилганда юқоридаги каби ҳолатга дуч келинди. Ўрганишда маълум бўлишича, истеъмолчи “Shivaki” русумидаги чанг ютгични 2023 йилнинг сентябр ойида 3 йиллик кафолат муддати билан харид қилган. 2025 йилнинг август ойларига келиб чанг ютгичнинг мотори куйиб қолгач, кафолат муддати давомида белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиш мақсадида, сервис марказига мурожаат қилган. Лекин сервис марказида унга таъмирлаш ишлари пулли асосларда бўлиши айтилади. Шундан сўнг у кафолат муддати давомида ўз ҳуқуқларини амалга оширишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерация ишонч телефонига мурожаат қилади.
Ўрганиш доирасида мазкур русумдаги маиший техника буюмларига сервис хизматларини кўрсатувчи “Артел” сервис марказига сўров хати киритилиб, унинг асосида маиший техникада ўтказилган текшириш давомида чанг ютгичнинг моторига куйишига чанг йиғиши қопи ёки колбаси ўз вақтида тозалаб турилмагани сабаб бўлганлиги маълум бўлган. Бу эса нуқсон истеъмолчи айби билан келиб чиққанлигини кўрсатиб, бундай ҳолатларда таъмирлаш ишлари унинг ҳисобидан амалга оширилишини билдиради.
Муҳаммаджон Ўлмасов,
жамият мутахассиси.
Post Comment