Сотувчи ўз мажбуриятини тўлақонли адо этмагани ортидан низоли ҳолат юзага келган
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, шартномага кўра сотувчи истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Бироқ Ёзёвон туман “Қорасоқол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи М.М. туман Буюм бозори ҳудудида савдо фаолиятини олиб бораётган Х.Ш.дан товар сотиб олиши жараёнида ўз мажбуриятини тўлақонли адо этиб, умумий узунлиги 30 метр ва жами қиймати 2 250 000 сўм бўлган бахмал материалини пулини олди-сотди жараёнида тўлиқ тўлаган бўлсада, хонадонда материал ўрамидан очиб кўрилганида унинг бошланғич 3-4 метридан сўнг қолган қисми очроқ рангда эканлиги, қўйингки сотувчи истеъмолчи қўлига мақбул сифатдаги материални мулк қилиб топширмаганлиги аён бўлиб қолган. Сотувчига қилинган мурожаатга эса, “Очилган товарни қайтариб ололмаймиз”, қабилидаги жавобни олган. Афтидан, сотувчи қонуннинг юқоридаги моддаси бешинчи хатбошисидаги “истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга” деган нормадан бехабар шекилли.
Истеъмолчининг Ёзёвон туман жамиятига мурожаати асосида жамият мутахассиси истеъмолчи ҳамкорлигида сотувчи билан учрашиб, ундан юзага келган ҳолат бўйича изох беришини сўраганида, сотувчи ҳақиқатан истеъмолчи М.М.га бахмал сотгани, кейинчалик харидор ўз эътирози билан келганини тан олиб, масалани нуқсонли эканлиги даъво қилинган товарни мақбул сифатдагисига алмаштириб бериш билан ҳал қилиш таклифини берди. Нуқсонли товар мақбул сифатдагисига алмаштирилиб, муаммо шу жойни ўзида бартараф этилди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.
(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланди)
Post Comment