Газ ҳисоблагичингиз эски экан деган важ билан тармоқдан узиб қўйилиши ҳолати бартараф қилинди

Газ ҳисоблагичингиз эски экан деган важ билан тармоқдан узиб қўйилиши ҳолати бартараф қилинди

Кўпчилик табиий газ истеъмолчиларидан газ ҳисоблагич ускунаси кимнинг ҳисобидан ўрнатилади, деган мамзундаги саволлар келиб туради. Бу каби саволларга эса, Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2024 йилдаги 319-сонли қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”дан жавоб топиш мумкин.

Қоидаларнинг 75-бандида “истеъмолчиларга масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапанига ҳамда ТГНҲАТ (табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими)га уланиш имкониятига эга бўлмаган ҳисоблагичларсиз табиий газни истеъмолчиларга етказиб беришга йўл қўйилмайди”, деган норма киритилган бўлиб, унинг ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда ТГНҲАТни жорий қилиш лойиҳаси доирасида замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилди ва ўрнатилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида ўрнатилган замонавий ҳисоблагичлар эса газ таъминоти ташкилотининг мулки ҳисобланади (82-банд) ва мазкур ҳисоблагичларни алмаштириш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, қиёсловдан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олиниши тегишли сарф-харажатлар ҳисоблагичнинг мулкдори (газ таъминоти ташкилоти – изох бизники) ҳисобидан қопланган ҳолда ҳамда газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотининг вакиллари томонидан истеъмолчи иштирокида амалга оширилади (84-банд).

Янги газлаштирилаётган хонадонларга эса, ТГНҲАТга уланиш ва автоматик ўчириб-ёқиш клапанига эга бўлган ҳисоблагичлар (тегишли давлат дастурлари асосида ўрнатиладиган ҳисоблагичлар бундан мустасно) истеъмолчининг ўз ҳисобидан сотиб олиниши ва газ таъминоти ташкилоти томонидан ўрнатилиб, пломбаланиши лозим.

Юқоридаги икки тоифага киритилмаган истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичларичи? Қоидаларнинг 83-бандига кўра, мавжуд ҳисоблагичларнинг замонавий ҳисоблагичларга алмаштирилишига қадар даврий қиёсловдан ўз вақтида ўтказишни ташкил этиш учун жавобгарлик газ таъминоти ташкилоти зиммасига юкланади. Демак, улар яроқли ва ишчи ҳолатда бўлса, улардан фойдаланиб туришга рухсат этилган. Лекин Учкўприк туманидаги кўп қаватли уйда яшовчи Ш.Ю.нинг хонадони ва унга қўшиб кўп қаватли уйнинг у яшайдиган йўлагидаги бошқа қўшнилар ҳам, негадир, газ ҳисоблагичингиз эски экан, деган важ билан тармоқдан узиб қўйилган. Шундан сўнг истеъмолчи мазкур масалада Федерация ишонч телефонига мурожаат қолдирган.

Туман жамияти томонидан ушбу ҳолат юзасидан газ таъминоти ташкилотига сўров хати киритилиб, ўрганиш ишлари давом эттирилди. Ўрганиш доирасида истеъмолчи газ ҳисоблагич ускунасининг яроқли ҳолатда эканлиги қайд қилиниб, истеъмолчиларни тармоққа қайтадан улаб берилди.

Сардор Мирзажонов,
жамият раиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin