Банкоматда кузатилган техник носозлик истеъмолчини ноқулай ҳолатга солиб қўйди
Ҳар қандай техникада носозлик кузатилиши мумкин ва бу табиий ҳол. Лекин ушбу техник носозлик банкоматда кузатилса ва бу ҳолат айнан пластик картангиздан фалон суммани ечиб олиниши ва нақд пулни чиқариб бермаслиги тарзида юз берса, ҳар қандай одамнинг ҳам фиғони фалакка чиқиши табиий. Шундай ҳоатлардан бири Фарғона туманининг “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Х.З. билан содир бўлган ва у бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Туман жамияти мутахассиси томонидан банкоматнинг “Агробанк” тасарруфида эканлигига аниқлик киритиб олингач, банкнинг туман филиали бошқарувчиси номига сўров хати киритилди. Банк мутахассислари томонидан ҳолат ўрганиб чиқилганда, истеъмолчининг мурожаати асосли эканлиги, туманнинг Марғилон кўчасида жойлашган банкомат, ҳақиқатда ҳам, унинг пластик картасидан 2 700 000 сўм пул маблағини ечиб олиб, техник носозлик туфайли нақд пулни чиқариб бермаганлиги тасдиғини топди. Шу кунни ўзида пул маблағини истеъмолчи банк картасига қайтарилиши чоралари кўрилди.
Аброр Исақов,
жамият мутахассиси.
Post Comment