Салкам икки йил олдин тўланган ва ҳисоб рақамига тушмай қолган тўлов суммаси истеъмолчи ҳисоб рақамига йўналтирилди

Салкам икки йил олдин тўланган ва ҳисоб рақамига тушмай қолган тўлов суммаси истеъмолчи ҳисоб рақамига йўналтирилди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Хотинқуми” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Н.Р.нинг “Фарғона сув таъминот” МЧЖ Тошлоқ туман филиали хизматидан норозилик билдириб қилган оғзаки мурожаати ўрганилди.

Мурожаатда билдирилишича, истеъмолчи туманнинг “Садда” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган сартарошхонасига 2023 йилда сув ҳисоблагич ўрнатган. 24.11.2023 йил куни А. исмли сув таъминоти корхонаси ходими келиб унга ҳисоб рақам бериб, 1 000 000 сўм пул маблағини ушбу ҳисоб рақамга ўтказишини, кейинроқ бу маблағ унинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилишини айтган. Истеъмолчи банк муассасаси орқали айтилган маблағни шу куннинг ўзида кўрсатилган ҳисоб рақамига ўтказган ва шу билан ушбу пул маблағи тақдири билан қизиқмаган. Лекин орадан вақтлар ўтиб сув таъминоти корхонасига борган Н.Р. юқоридаги тўлов суммаси шу вақтга қадар ўзининг ҳисоб рақамига тушириб қўйилмаганлигини билиб, бу борада корхона мутассаддиларига мурожаат қилган. Ўзини қаноатлантирадиган жавоб ололмагач эса, бу борада туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, муаммони ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам сўрайди.

Ушбу ҳолат юзасидан “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ Тошлоқ туман филиалига сўров хати киритилиб, ўрганиш ишлари олиб борилганда Н.Р. номига ҳисоб рақам 2024-йилнинг 20-майига келибгина очилганлиги ва бунинг натижасида 6 ой олдин тўланган тўлов суммаси унинг ҳисоб рақамига ўтказилмасдан қолиб кетганлиги маълум бўлди. Сўров хатига корхонадан 14.08.2025 йил кунида олинган 194-сонли жавоб хатида истеъмолчи Н.Р.дан корхона ҳисоб рақамига ҳақиқатда пул маблағи келиб тушганлиги, корхона ҳисоб рақами юқори турувчи ташкилот томонидан бошқарилиши сабабли ушбу ҳолат юзасидан билдирги киритилганлиги маълум қилинди. Шу асосларда корхона томонидан 09.09.2025 йилда берилган 225-сонли иккинчи жавоб хати билан истеъмолчи Н.Р. томонидан тўланган 1 000 000 сўм пул маблағи ўз ҳисоб рақамига ўтказиб берилганлиги ҳам маълум қилинди.

Ҳуснидахон Якубова,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin