Мурожаатни ўрганиш ишлари мақбул сифатдаги товарни сотувчига қайтариш билан якун топди
Риштон туманилик М.О. Бағдод туманидаги бозордан ўзи учун нимча сотиб олганидан сўнг уйига келиб уни қайтадан кийиб кўриш жараёнида кийимнинг ўлчами каттароқ келган. Товарга ҳеч қандай зарар етказилмаслиги чораларини кўриб уни сотувчига қайтариб олиб келганида эса товарни алмаштириб берилиши талабига рад жавоби олган. Шундан сўнг Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиб ушбу масалани қонуний ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, мақбул сифатли ноозиқ-овқат товари харид қилинган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олиниши, бундай товар сотувда бўлмаса, унинг учун тўланган пул қайтариб олиниши мумкин. Фақат бунда товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, қадоғи билан қайтарилган бўлиши, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган ва ушбу сотувчидан сотиб олганлигини тасдиқловчи асослар бўлса етарли. Шунинг билан биргаликда товар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлаган қоидалар бўича алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхатида бўлмаслиги керак. Истеъмолчи томонидан алмаштириб бериш талаби қўйилган товар юқорида келтирилган талабларга мос келади ва алмаштирилиши шарт эди. Лекин сотувчи ушбу талабни қаноатлантириш чора-тадбирларини кўрмаган.
Ўрганиш ишлари жараёнида томонларга қонунчилик талаблари тушунтирилди. Унинг якуни билан эса томонлар мақбул сифатдаги товарни сотувчига, тўланган пул суммасини эса истеъмолчига қайтариш шаклида муаммо ҳал қилишга келишдилар.
Дилором Мирзаева,
жамият мутахассиси.
Post Comment