Истеъмолчини ноқулай ҳолатга солиб қўйган шартнома бекор қилинди
Марғилон шаҳрининг Зуҳро кўчасида яшовчи У.А. хонадони ичимлик суви тармоғига сув филтри ўрнаттирганидан бир кун ўтмасдан унга реклама қилиб ўтказилган ускуна айтилганидан пастроқ қувватли моделдагиси эканлиги, сотувда бу каби моделдаги ускуналар нақд пулга у бўлиб тўлаш шартларида ўрнаттирган ускуна нархига қараганда икки баробарга арзонлигини билгач сотувчи томони масъулларига қўнғироқ қилиб, ўз эътирозларини билдирган ва шартномани бекор қилиш талабини қўйган. Сотувчи томони эса шартномани бекор қилишга розиликларини, ускунани ечиб олиб кетишларини, лекин бунинг учун у 3 000 000 сўм тўлов қилиши кераклигини маълум қилишади. Шундан сўнг истеъмолчи Федерациянинг Марғилон шаҳар жамиятига ариза билан мурожаат қилади.
Мурожаат шаҳар жамияти мутахассислари ҳамда “А. w.” МЧЖ вакили иштирокида ўрганилиши жараёнида истеъмолчи томонидан келтирилган важларнинг асосли эканлиги маълум бўлди. Ўрганиш давомида истеъмолчи қўшимча қилишича, ускунани бўлиб тўлаш шартларида расмийлаштириш ишлари ҳам онлайн усулда амалга оширилган ва унга шартнома билан тўлақонли танишиб чиқиш имконияти ҳам яратиб берилмаган. Ўрганиш ишлари доирасида сотувчи томони қиймати 15 500 000 сўм бўлган, тўлов усули бўлиб тўлаш шаклида бўлган шартномани ҳеч қандай шартларсиз бекор қилишга келишиб, у бекор қилиниши ва ускуна ечиб олинганлиги ҳолатини тасдиқлаб далолатнома расмийлаштирилди.
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.



Post Comment