Истеъмолчининг харид қилинган қурилиш материалидан кўрилган зарари қоплаб бериладиган бўлди

Истеъмолчининг харид қилинган қурилиш материалидан кўрилган зарари қоплаб бериладиган бўлди

Сендвич панеллар—бу уч қаватли, яъни иккита қаттиқ ташқи листдан (масалан, рух моддаси қопланган пўлатдан) ва улар орасидаги иссиқликни сақловчи материалдан иборат қурилиш материали эканлигини, материал номи ҳам шундан келиб чиқиб инглизча “sandwich” сўзидан олиниб, унинг кўп қатламли тузилишини акс эттиришини кўпчилик билади, албатта. У бугунги кунда қурилишда кўп ишлатиладиган, лекин қиммат материаллардан ҳисобланади.

Фарғона вилоятининг Қува туманилик Ё.У. Қўқон шаҳридаги “B. P.” фирмасидан шартнома асосида айнан шундай материалдан умумий суммаси 111 700 000 сўмга тенг миқдорда харид қилган. Лекин харид қилинган панелларнинг айримлари орадан 8 ой ўтиб сифатсиз ҳолга кела бошлаган. Муаммони сотувчи билан музокара воситасида ҳал қила олмагач эса Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.

Мурожаатни Федерациянинг Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида сотувчига расмий сўров хати киритилгач, сотувчи вакили истеъмолчи манзилида бўлиб, мурожаатда келтирилган важларни ўрганди. Ўрганиш натижасида истеъмолчи томонидан кўрилган зарар суммаси 22 340 000 сўмга тенглиги ҳисоб-китоб қилинди ва етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берилиши белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур ҳолат сендвич панеллари умуман сифатсиз маҳсулот эканини ёки уларни сотиб олмаслик кераклигини англатмайди. Ҳар қандай қурилиш материалы каби, йирик ҳажмда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларда ва айрим партияларда нуқсонлар учраши табиий ҳол. Муҳими — бундай вазиятларда истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билиши, тегишли ташкилотларга ўз вақтида мурожаат қилиши ва муаммо қонуний тарзда ҳал қилиниши мумкинлигини тушуниб етишидир.

Муҳаммаджон Ўлмасов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin