Медиация келишуви низони судда кўрмасдан ҳал қилиш имконини берди
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Қўштепа туманилик истеъмолчи Л. А.нинг ўзи томонидан олинган кредит маблағи учун амалга оширган тўлови икки марта бошқа ҳисоб рақамга ўтиб қолганлиги ҳолати юзасидан қилган мурожаати ўрганилиб, унинг натижалари юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига даъво аризаси киритилган эди. Лекин суд бошланиши жараёнида жавобгар томони киритган илтимос ва уни даъвогар томонидан ҳам қўллаб-қувватланиши масалани судда кўрмасдан медиатив келишув йўли билан ҳал қилинишига имконият яратиб берди. Шундан сўнг томонлар Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувни имзоладилар.
Келишув даъвогар – истеъмолчи Л.А. ва жавобгар – АТ Халқ банки Марғилон шаҳар банк хизматлари маркази раҳбари ўртасидаги музокаралардан сўнг имзоланди. Медиация келишувини тузишда унинг учинчи томони бўлиб, истеъмолчи манфаатлари ҳимоясини кўзлаб судга даъво аризаси киритган Федерациянинг Марғилон шаҳар жамияти номидан иш кўрувчи ходими Б.У. нопрофессионал медиатор тарзида иштирок этди ҳамда ўз имзоси билан тасдиқлади.
Келишувга кўра, жавобгар томони истеъмолчидан юзага келган ҳолат учун узр сўради ва унга етказилган зарар суммаси – 850 000 сўмни истеъмолчига қайтарадиган, истеъмолчи эса даъвосидан воз кечадиган бўлди. Шу йўл билан низони узоқ давом этадиган суд жараёнларисиз, ўзаро мақбул қарор воситасида ҳал қилишга эришилди.
Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикасининг 03.07.2018 йилдаги “Медиация тўғрисида”ги ЎРҚ-482-сон қонунининг “амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан, мижоз ва банк (кредит ташкилотлари) ўртасидаги муносабатлардан, суғурта шартномасидан юзага келадиган муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга, меҳнат ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.”
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.



Post Comment