Ҳисоблагичлардан фойдаланиш жараёнида юзага келаётган айрим муаммолар истеъмолчиларда эътирозларни келтириб чиқармоқда

Ҳисоблагичлардан фойдаланиш жараёнида юзага келаётган айрим муаммолар истеъмолчиларда эътирозларни келтириб чиқармоқда

Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2014-йилдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари”га кўра, сув ўлчаш узели ичимлик суви етказиб бериш ташкилоти томонидан пломбаланиши лозим. Пломбаланмаган ҳисоблаш асбобларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади. Кейинги вақтларда Қўқон шаҳрида яшовчи аҳоли вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ичида сув ҳисоблаш ускуналарини пломбалаб бериш ишларини чўзиб юборилаётганлиги борасидаги мурожаатлар ҳам талайгинани ташкил қилмоқда.

Жумладан, шаҳарнинг Шоҳруҳобод кўчасида яшовчи Б.Р. томонидан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилинган мурожаатда ичимлик сув таъминоти корхонасига хонадондаги ҳисоблагични алмаштириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганлиги, унинг аризаси асосида корхонадан келган ходим истеъмолчига сув ҳисоблагични ўзлари хусусий уста топиб ўрнатиб олишларини, кейин улар муҳрлаб беришларини айтиб кетганлигини, истеъмолчи шу асосда ҳисоблагични ўрнатиб уларга хабар беришига қарамай муҳрлаб бериш ишлари пайсалга солинаётганлигини маълум қилади. Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишда мазкур ходим ишдан бўшаб кетганлиги қайд қилиниб, корхонанинг шу ишга масъул бўлган бошқа ходими томонидан хонадондаги сув ҳисоблагични муҳрлаш (плобмалаш) ишлари амалга оширилди.

Ҳисоблагичлар билан боғлиқ яна бир ҳолат Марғилон шаҳрида кузатилди. Буниси узоқ вақтдан ҳеч ким истиқомат қилмаётган хонадондаги электр ҳисоблагич билан боғлиқ. Шаҳарнинг Маориф маҳалласида истиқомат қилувчи Ш.С. ўзларига қарашли бўлган, узоқ йилдан буён ҳеч ким яшамайдиган хонадон электр таъминоти узиб қўйилганлиги, шу кунларда ушбу хонадондаги электр ҳисоблагични алмаштириш борасида электр таъминоти идорасига мурожаат қилганида ҳисоблагичнинг жорий кўрсаткичи ва базага киритилган кўрсаткич ўртасида фарқ (қарздорлик) чиқаётганлигини маълум қилиб, ҳолат ўрганиб чиқилиб, ойдинлик киритилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Бу борада олиб борилган ўрганишлар жараёнида хонадондаги эски электр ҳисоблагич қиёслов кўригидан ўтказилганда унда носозлик мавжудлиги кузатилди. Ўрганиш ишлари доирасида истеъмолчи ҳисоб рақамидаги қарздорлик суммасини хатлов йўли билан қайта ҳисоб қилиб берилиши, мурожаатда кўрсатиб ўтилган муаммони ижобий ҳал қилиб бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Муҳаммаджон Ўлмасов,
Саидхон Хапизов,
Қўқон ҳамда Марғилон шаҳар жамиятлари мутахассислари.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin