Қонунни янада такомиллаштириш масалалари жамоатчилик эътиборида
Фарғона шаҳрида жойлашган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунини янада такомиллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбир жамоатчилик назорати институтлариини янада ривожлантириш, фуқаролик жамиятининг давлат бошқарувидаги ўрни ва таъсирини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Тилаволдиев, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Тадбир очиқ мулоқот руҳида ўтиб, иштирокчилар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш имкониятига эга бўлдилар.

Муҳокама давомида қонун лойиҳасининг асосий қоидалари, жамоатчилик назоратини амалга ошириш шакл ва механизмлари, шунингдек, фуқароларнинг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятидаги иштирокини кучайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, жамоатчилик эшитувлари, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик мониторинги каби институтларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, жамиятда ҳисобдорликни кучайтириш ҳамда давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Шу билан бирга, қонун нормаларини амалиётда самарали қўллаш учун уни янада такомиллаштириш, айрим моддаларни аниқлаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Тадбир якунида билдирилган фикр ва мулоҳазалар қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида инобатга олиниши, бундай очиқ муҳокамалар эса жамоатчилик назорати маданиятини шакллантиришда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.



Post Comment