Кафиллик – ишонч эмас, ҳуқуқий жавобгарлик

Кафиллик – ишонч эмас, ҳуқуқий жавобгарлик

Амалдаги тартиб қоидаларга кўра, банк кредити бўйича оила аъзоси, қариндош уруғи, таниш-билишлари ва бошқаларга кафил бўлган шахс кредит маблағи ажратган кредит ташкилоти олдида қарз олувчи билан баравар ҳажмда жавоб беради. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кафил шахс кредит ташкилотига қарздорнинг ўз вақтида тўланмаган кредитининг асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизларини тўлашдан ташқари, ушбу кредитни ундириб олиш билан боғлиқ суд харажатларини ва қарздор ўз мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредит ташкилотига етказилган бошқа зарарларни ҳам тўлайди. Буни қонун тили билан айтганда солидар жавобгарлик ҳам дейилади.

Шу сабабдан ҳам, истеъмолчи бошқа бир шахснинг кредити бўйича кафил сифатида қатнашишдан аввал келажакда ўзи ҳамда қарз олувчининг молиявий ҳолати ёмонлашуви сабабли юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни тўғри баҳолаши, молиявий имкониятларини аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда таҳлил қилиши, шунингдек, кредит шартномасида келтирилган шартлар билан атрофлича танишиб чиқиши тавсия этилади. Шартнома кучга кирганидан сўнг, “Танишим тўловларни тўлиқ ўзи тўлашини, кафиллик бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини ваъда қилганди” қабилидаги важлар кафилни бошқа шахс олган кредит учун тўловларни тўлаш мажбуриятидан соқит қила олмайди.

Ёзёвон туманилик М.Ш.нинг туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаати ўрганилганда, айнан шундай ҳолатлардан бирига дуч келинди. Истеъмолчи мурожаатида банк муассасаси унинг пластик картасидан асоссиз равишда 761 238 сўм пул ечиб олгани, ушбу суммани пластик картасига қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган. Мурожаат асосида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Марғилон филиалига сўров хати киритилганда, истеъмолчи таниши У.Б.нинг мазкур банкдан 2017 йилда олинган кредитига кафил сифатида расмийлаштирилганлиги, У.Б. томонидан кредит мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли қарздорлик суммасининг муайян қисми унинг банк картасига қаратилганлиги маълум бўлиб, ўрганиш ишлари якуни билан истеъмолчига унинг банк картасидан ундирилган тўловларнинг қонунийлиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, аҳоли вакилларимизга кредит бўйича кафиллик шахсдан жиддий молиявий ва ҳуқуқий масъулият талаб қилишини, сабаби у қарз олувчи билан тенг жавобгар ҳисобланишини, қарздор мажбуриятини бажармаган тақдирда, кафил кредит қарзини қонуний тарзда тўлашга мажбур бўлишини эътибордан четда қолдирмасликларини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin