Сотувчи истеъмолчининг соғлиги ҳолатидан келиб чиқиб унга амалий ёрдамини кўрсатди
Жамиятимизда инсонлар ўртасидаги муносабатлар азалдан ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат тамойилларига таяниб шаклланган. Бир-бирини тушуниш, дардига малҳам бўлиш, оғирини енгил қилишга интилиш халқимизнинг маънавий мероси ва турмуш тарзининг ажралмас қисми сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Бу фазилатлар нафақат оилавий ва маҳаллий муносабатларда, балки иқтисодий, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам намоён бўлиб, жамиятда ўзаро ишонч ва масъулият муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бунга биргина мисол билан тўхталиб ўтайлик. Қўштепа туманилик М.К. Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, 2026 йилнинг 15 январ кунида қизи Х.М. шаҳардаги Ансор савдо мажмуаси ҳудудида фаолият олиб бораётган сотувчидан, шартнома қийматини бўлиб тўлаб бериш шартларида, 9 152 000 сўмга тилла буюмлар харид қилгани, лекин ҳозирги кунда қизи оғир бетоб бўлиб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганлиги сабабли шартномани бекор қилиш ва мазкур буюмларни сотувчига қайтарилиши масаласи ўрганиб чиқилиб, амалий ёрдам кўрсатилишини сўраганди.
Мурожаат жамият мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида сотувчи билан учрашилиб, унга юзага келган ҳолат тушунтирилиши ҳамда истеъмолчининг бетоблигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилиниши бесамар кетмади. Ҳолатни тўғри тушуниб етган саҳоватли тадбиркор истеъмолчи Х.М. билан тузилганига ҳали бир ой тўлмаган шартномани бекор қилиб, сотилган буюмларни ҳеч қандай эътирозларсиз қабул қилиб олди. Бу билан эса истеъмолчининг мурожаати тўлиқ қаноатлантирилиши таъминланди.
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.



Post Comment