Бешариқда истеъмолчилик соҳасига оид қонунчилик асосларидан ёшларнинг хабардорлиги синовдан ўтказилди
Ҳар йили “15-март – Бутунжаҳон истеъмолчи ҳуқуқлари куни” арафасида ўзининг дунёдаги турдош ташкилотлари қатори, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий ташкилотлари томонидан ҳам жойларда турли шакллардаги маънавий-маърифий тадбирлар ташкилланиши одат тусига кириб қолган. Ана шундай тадбирлардан бири Бешариқ туманида бўлиб ўтди.
Бешариқ туманидаги 2-сонли техникум ва 1-умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида “Барчамиз – истеъмолчимиз”, ”Биз – ёш истеъмолчимиз” мавзуларида талаба ва ўқувчи ёшлар билан учрашувлар ташкил қилинди. Ўтказилган тадбирларда иштирокчиларга дунёда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг вужудга келиши ва тараққиёти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эътироф этилиши, дунё мамлакатларида, хусусан Ўзбекистон Республикасида бу борадаги қонунчиликнинг шаклланиши, бугунги ҳолати, Федерация ва унинг ҳудудий ташкилотлари фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Тадбирлар сўнгида ўқувчилари ўртасида истеъмолчилик билимларини олишга қизиқтириш, кундалик турмуш жараёнида учрайдиган турли ҳолатларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантириш, келгусида истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатида фаол иштирок этиш ва ёшларнинг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини ошириш мақсадида “Билимли истеъмолчи – ҳамиша ҳақ” шиори остида тетс синовлари шаклида билимлар беллашуви ташкил қилинди. Беллашув натижаларга кўра юқори натижага эришган ва 1-3 ўрин ғолиблигини қўлга киритган ёшлар Бешариқ туман жамиятининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.



Post Comment