Асоссиз қарздорлик бартараф этилди: истеъмолчи ҳуқуқлари суд орқали тикланди
Фарғона вилоятида истеъмолчи мурожаатини ўрганиш жараёнида аҳолини қийнаётган долзарб масалалардан бири — коммунал хизматлар бўйича асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳолати юзасидан ижобий натижага эришилди. Мазкур ҳолатда истеъмолчининг ҳуқуқлари суд тартибида ҳимоя қилиниб, адолат тикланди.
Фуқаро Х.М.нинг манфаатларини кўзлаб Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан судга даъво аризаси киритилди. Унда Фарғона вилояти иссиқлик таъминоти корхонаси томонидан 3,3 млн сўмга яқин қарздорлик ва пеня асоссиз ҳисоблангани таъкидланди.
Ишни кўриб чиққан суд жараёнида аниқланишича, даъвогар яшаб келаётган хонадонда иситиш радиаторлари умуман ўрнатилмаган, фақатгина тик қувур мавжуд бўлган. Шу сабабли амалда иссиқлик хизмати тўлиқ кўрсатилмаганига қарамасдан, корхона томонидан қарздорлик ҳисобланган.
Қонунчиликка кўра, энергия таъминоти муносабатлари шартнома асосида амалга оширилиши лозим. Шунингдек, истеъмолчига амалда хизмат кўрсатилмаган ҳолатда тўлов талаб қилиш қонуний ҳисобланмайди. Суд мазкур ҳолатларни ҳар томонлама ўрганиб, даъвогарнинг важларини асосли деб топди. Натижада суд қарори билан фуқаро Х.М.га нисбатан ҳисобланган жами 3 313 704 сўм қарздорлик ва пеня бекор қилинди ҳамда истеъмолчи қарздан тўлиқ озод этилди. Шу билан бирга, жавобгар корхона зиммасига давлат божи ундириш мажбурияти юклатилди.
Мазкур ҳолат истеъмолчилар учун муҳим сабоқ бўлиб хизмат қилади. Яъни, коммунал хизматлар бўйича ҳисоб-китоблар шаффоф ва асосли бўлиши шарт. Агар хизмат амалда кўрсатилмаган ёки сифатсиз бўлса, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини талаб қилишга тўлиқ ҳақли.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Ушбу ҳолат ҳам тизимли ишлар натижасида адолатли ҳал этилди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билиши ва зарур ҳолларда уларни ҳимоя қилишдан тортинмаслиги лозим. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда адолат доимо қарор топади.



Post Comment