Иссиқлик таъминотидаги камчиликлар: истеъмолчи қарздорликдан озод қилинди
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М. С. манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан суд тартибида кўриб чиқилган иш истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ишда фуқаро томонидан иссиқлик таъминоти хизмати сифатсиз кўрсатилгани сабабли ҳисобланган қарздорликни бекор қилиш талаби илгари сурилди.
Иш ҳужжатларига кўра, фуқарога 2026 йил феврал ҳолатига кўра 1 297 733 сўм асосий қарз ва 413 298 сўм пеня ҳисобланган. Бироқ даъвогар томонидан иссиқлик таъминоти белгиланган талабларга жавоб бермагани, хонадон етарлича иситилмагани ва бу ҳолат бўйича далолатнома тузилгани таъкидланган.
Суд жараёнида иш материаллари атрофлича ўрганилиб, коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари ҳамда амалдаги қонунчилик нормалари таҳлил қилинди. Хусусан, қоидаларга кўра, етказиб берувчи ташкилот иссиқлик энергиясини белгиланган сифат ва параметрларда етказиб беришга мажбур ҳисобланади. Агар хизмат сифатсиз кўрсатилса, истеъмолчига етказилмаган хизматлар учун тўлов қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозим.
Ўрганишлар натижасида 2025 йил ноябр–декабр ойлари ҳамда 2026 йил январ–феврал ойларида иссиқлик таъминоти етарли даражада амалга оширилмагани тасдиқланди. Шу асосда суд томонидан мазкур давр учун ҳисобланган қарздорлик ва пеня асоссиз деб топилди.
Якуний қарорга кўра, суд истеъмолчи М.С. манфаатида киритилган даъво аризасини қисман қаноатлантириш ҳақидва қаро қабул қилди. Унга кўра, истеъмолчи 486 206 сўм асосий қарз ва 58 344 сўм пеня, жами 544 550 сўм миқдоридаги қарздорликдан озод қилинди. Шунингдек, ишни судда кўрилиши билан боғлиқ давлат божи харажатларини жавобгар ташкилот ҳисобидан ундирилиши белгиланди.



Post Comment