Буюртманинг сифатсиз бажарилиши ортидан истеъмолчига етказилиши мумкин бўлган 8 миллион 400 минг сўм зарарнинг олди олинди

Буюртманинг сифатсиз бажарилиши ортидан истеъмолчига етказилиши мумкин бўлган 8 миллион 400 минг сўм зарарнинг олди олинди

Қува туманида яшовчи фуқаро М. Х.нинг янги хонадонига ўрнатилган пластик ромлар сифатсиз чиққанидан норози бўлиб, туман прокуратурасига мурожаат қилган мурожаати масаланинг тегишлилиги бўйича Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Қува туман жамиятига қонуний ҳал этиш учун юборилган. Мурожаатда тадбиркор томонидан ўрнатилган KAAS Proff пластик ромларида турли нуқсонлар мавжудлиги, бир неча бор қилинган мурожаатларга қарамасдан камчиликлар бартараф этилмагани баён қилинган.

Ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, истеъмолчи бундан 4–5 ой олдин хонадонига 5 дона KAAS Proff пластик ромларини 700 АҚШ доллари, яъни 8 миллион 400 минг сўм эвазига ўрнаттирган. Бироқ вақт ўтиши билан ромларда турли техник нуқсонлар юзага келган. Хусусан, айрим ромлар нотекис кесилгани, баъзи ойналар терлаб қолиши, шунингдек икки қаватли ойналарнинг айрим жойларида резиналар ўрнатилмагани аниқланган.

Мурожаатни ўрганиш давомида жамият мутахассислари истеъмолчи хонадонига бориб ҳолатни жойида ўрганди ҳамда пластик ромларни тайёрлаб ўрнатган уста билан суҳбат ўтказди. Суҳбат жараёнида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар талаблари тушунтирилди.

Олиб борилган амалий ишлар натижасида тадбиркор томонидан нуқсонли пластик ромлар бепул алмаштириб берилди ва аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Шу тариқа, 8 миллион 400 минг сўмлик хизмат бўйича истеъмолчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тикланди.

Мазкур ҳолат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида мурожаатларни тезкор ва самарали кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатди. Шунингдек, маҳсулот ёки хизмат сифати талаб даражасида бўлмаган ҳолатларда фуқаролар ўз ҳуқуқларини қонуний тартибда ҳимоя қилиш имкониятига эга экани яна бир бор амалда тасдиғини топди.

Post Comment