Сифатсиз эшик ва ромлар бўйича мурожаат қисқа муддатда ижобий ҳал этилди
Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро Б.М. томонидан эшик ва ром ясаш устахонаси фаолиятидан норози бўлиб қилинган мурожаат туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилди ва истеъмолчининг қонуний манфаатлари тикланди.
Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро яшаш хонадони учун 1 дона эшик ҳамда 2 дона ром тайёрлатиш мақсадида уста билан оғзаки келишувга эришиб, 3 миллион 150 минг сўм маблағни олдиндан тўлаб берган. Уста эшик ва ромларни қисқа муддатда тайёрлаб етказиб беришини билдирган.
Бироқ белгиланган вақтда олиб келинган маҳсулотлар истеъмолчининг талабига жавоб бермаган. Хусусан, эшик ва ромлар аввал келишилган материалдан тайёрланмагани, маҳсулот сифати паст экани ҳамда бажарилган иш истеъмолчини қониқтирмагани маълум бўлган. Фуқаро хизматни қайта сифатли қилиб бериш ёки тўланган маблағни қайтаришни талаб қилган.
Мазкур мурожаат амалдаги қонунчилик талаблари асосида ўргинилиши жараёнида истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи ўртасида суҳбат ўтказилиб, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши билан, устахона ходимлари ўз зиммасидаги мажбуриятларни тан олиб, истеъмолчига эшик ва ромларни қайтадан, келишилган ўлчам ва сифат талаблари асосида тайёрлаб беришга розилик билдирган ҳамда маҳсулотларни қайта тайёрлаб, хонадонга ўрнатиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олиб, муаммони тезкорликда бартараф этилишига эришилган.
Ҳурматли истеъмолчи! Сизда ҳам истеъмол соҳасига оид масалаларда муаммолар мавжудми? Унда Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали ҳафтанинг душанба-жума кунлари соат 09-00 дан 18-00 га қадар мурожаатларингизни оғзаки шаклда, телефонингиз (ёки компютерингиз) браузери ойнасига murojaat.istemol.uz ни териш йўли билан эса сутканинг исталган вақтида электрон шаклда мурожаат қолдиришингиз мумкин.



Post Comment