Озиқ-овқат хавфсизлиги ва йодланган ош тузи сифати бўйича жамоатчилик мониторинги ишлари ўтказилмоқда
Фарғона вилояти ҳудудида аҳоли истеъмоли учун таклиф этилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги, сифат кўрсаткичлари стандартларига мувофиқлиги, давлат сертификатлаштириш талабларига риоя қилиниши ҳамда йодланган ош тузининг сифати ва савдоси ҳолатини ўрганиш мақсадида жамоатчилик мониторинги ўтказилмоқда.
Мазкур тадбир Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан тасдиқланиб, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси билан келишилган жамоатчилик назорати режасига мувофиқ ташкил этилган.
Мониторинг давомида вилоятдаги деҳқон ва улгуржи бозорлар, савдо дўконлари, йирик маркет ва супермаркетларда озиқ-овқат маҳсулотларининг сақлаш шароитлари, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, маҳсулотларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари, сертификатлаштириш ҳужжатларининг мавжудлиги ҳамда истеъмолчиларга тақдим этилаётган ахборотларнинг қонунийлиги ўрганилади.
Шунингдек, аҳоли саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган йодланган ош тузининг савдо тармоқларидаги мавжудлиги, сифати, қадоқланиши ва белгиланган талабларга мувофиқлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Жамоатчилик мониторинги жараёнида аниқланган ҳолатлар таҳлил қилинади ҳамда соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Мониторинг натижалари юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар манфаатдор давлат ташкилотларига тақдим этилиши режалаштирилган.



Post Comment