Иссиқлик хизмати сифатсиз бўлса, истеъмолчи ҳақ тўламаслиги мумкин

Иссиқлик хизмати сифатсиз бўлса, истеъмолчи ҳақ тўламаслиги мумкин

Фуқароларнинг коммунал хизматлардан сифатли фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари томонидан амалга оширилаётган ҳуқуқий ёрдам ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Ана шундай ҳолатлардан бири Марғилон шаҳрида яшовчи икки нафар истеъмолчининг мурожаати асосида суд орқали ижобий ҳал этилди.

Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фуқаролар Х.П ва Т.О. манфаатларини кўзлаб Фарғона вилояти Иссиқлик манбаи МЧЖга нисбатан судга даъво аризаси киритди. Мурожаатда улар яшаб турган кўп қаватли уйларга 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти белгиланган меъёрда етказиб берилмаганига қарамасдан, коммунал қарздорлик ва пеня ҳисоблангани қайд этилди.

Суд жараёнида даъвогарлар иссиқлик таъминоти етарли бўлмагани ҳақида бир неча бор мурожаат қилганликлари, мазкур ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилгани ҳамда ҳисобланган қарздорлик асоссиз эканини маълум қилди. Жавобгар вакили ҳам далолатнома мавжудлигини тан олиб, қарздорликнинг маълум қисми қайта ҳисобланганини билдирди.

Иш материалларини ҳар томонлама ўрганган суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарори билан тасдиқланган коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари талабларини таҳлил қилди. Ушбу қоидаларга мувофиқ, иссиқлик таъминотида узилиш ёки белгиланган параметрлардан четланиш аниқланса, етказиб берилмаган хизмат учун қайта ҳисоб-китоб амалга оширилиши лозим.

Суд муҳокамасида 2026 йил феврал ойида тузилган далолатнома муҳим далил сифатида баҳоланди. Унда Марғилон шаҳридаги мазкур кўп қаватли уйга 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумида иссиқлик етарли даражада етказиб берилмагани қайд этилган. Шу асосда суд истеъмолчиларнинг даъвосини қисман қаноатлантириб, уларга ҳисобланган коммунал қарздорликнинг 50 фоизидан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Шунингдек, жавобгар корхонадан давлат фойдасига давлат божи ҳам ундирилиши белгиланди.

Мазкур суд қарори истеъмолчилар учун муҳим ҳуқуқий аҳамиятга эга. Чунки коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар хизматни шартнома ва қонунчиликда белгиланган сифат даражасида кўрсатиши шарт. Агар хизмат сифатсиз кўрсатилса ёки умуман кўрсатилмаса, истеъмолчи қайта ҳисоб-китоб талаб қилиш, зарур ҳолларда эса ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан кўрсатилган ҳуқуқий ёрдам натижасида мазкур ишда истеъмолчиларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари суд тартибида тикланди. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими амалда самарали ишлаётганининг яна бир ёрқин намунасидир.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin